Прокуратура 7,7 млрд сўмлик талон-тарожликларни аниқлади
Прокуратура иш ҳақи, пенсиялар ва нафақаларга ажратилган 7,7 млрд сўмлик талон-тарож ҳолатларини аниқлади. Бу ҳақда Podrobno.uz Бош прокуратура маълумотларига таянган ҳолда хабар беради.
Тергов ишлари айрим вазирликларда, пенсия жамғармасида ва бошқа бюджет ташкилотларида иш ҳақини ўзлаштириш ва маблағларни талон-тарож қилиш ҳолатларига йўл қўйилганини кўрсатди.
Иш ҳақи, пенсия ва унга тенглаштирилган тўловлар учун ажратилган 2,8 млрд сўмлик бюджет маблағлари асосан Халқ таълими вазирлиги бюджетидан, 2,6 млрд сўмлик маблағлар эса Соғлиқни сақлаш вазирлиги бюджетидан талон-тарож қилинган.
Бундан ташқари, Молия вазирлиги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасидан 177 млн сўм, бошқа бюджет муассасаларидан 1,5 млрд сўм ҳамда корхоналардан 448 млн сўм ўзлаштирилган.
Текширувлар жараёнида 451 нафар мансабдор шахс интизомий ва маъмурий жавобгарликка тортилган, қўпол қонунбузарликлар ҳолатлари бўйича 46 та жиноий иш қўзғатилган, 672 млн сўмлик зарар кўнгилли равишда қопланган.
Шунингдек, суд органларига 9,5 млрд сўмлик 1013 та суд даъвоси берилган, 5,2 млрд сўм олиб қўйилган. Текширувлар натижасида 3989 кишининг бузилган ҳуқуқлари амалда тикланган.
Шарҳлар