Прокуратура шарқшунос олим Андрей Кубатиннинг ўлими ҳолати бўйича жиноят ишини қўзғатишни рад этди
2021 йил 28 февраль куни Зангиота туман прокуратураси шарқшунос олим Андрей Кубатиннинг ўлими ҳолати бўйича жиноят ишини қўзғатишни рад қилиш ҳақида қарор қабул қилди. Бундан олдин марҳумнинг опаси Клара Сахарова Кубатинга нисбатан “жиноят ишини тўқиб чиқарган шахсларга нисбатан жиноят ишини қўзғатиш тўғрисида” Бош прокуратурага уч марта ариза бергани ҳақида билдирганди.
Марҳумнинг опаси руҳий ва жисмоний азоблар (қийноқлар, руҳий босим ўтказиш) укасининг нерв тизими бузилишига ва соғлиғи ва иммун тизимининг заифлашишига олиб келганини айтганди. Натижада, унинг организми коронавирусга қарши тура олмаган ва у вафот этган.
Бош прокуратура хабарида қайд этилишича, “Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан ўтказилган хизмат текшируви хулосасида беморга тўғри ташҳис қўйилгани кўрсатилган”.
Хизмат текшируви ҳамда экспертиза хулосаларига кўра А.Кубатиннинг ўлимига сабаб бўлган ҳолатлар – икки томонлама субтотал, интерстициал зотилжам окибатида вужудга келган оғир даражали нафас ва юрак кон томири етишмовчилиги, тўқималар оғир даражадаги гипоксияси.
Текширув ва даво муолажалари Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 2020 йил 20 сентябрдаги 8-сон “Коронавирус инфекцияси билан касалланган беморларни профилактика, диагностика, даволаш ва реабилитацияси буйича вактинчалик миллий методик тавсияси” га асосан тўғри ва асосли ўтказилганлиги қайд этилади.
Эслатиб ўтамиз, Андрей Кубатин 29 октябрь куни 36 йшида коронавирус келтириб чиқарган асоратлардан вафот этганди. 2017 йилда у Жинояь кодексининг 157-моддаси (давлатга хиёнат қилиш) бўйича ҳукм қилиниб, 5 йилга озодликдан маҳрум қилинганди (апелляциягача – 11 йилга). Айлов томони талқинига кўра, у гўёки нодир китобларнинг сканерланган нусхаларини хорижлик олимга берган. Халқаро ҳуқуқни ҳимоя қилиш ташкилотлари ушбу иш уйдирма эканини билдирган.
Январь ойида “Газета” нашри Тошкентнинг Учтепа тумани фуқаролик ишлари бўйича туманлараро суди Клара Сахарованинг Тошкент шаҳар ҳокимлиги Бош молиявий бошқармасига укаси, яъни вафот этган шарқшунос олим Андрей Кубатинга етказилган 3,5 млрд сўм миқдоридаги маънавий зарарни ундириш тўғрисидаги даъво аризасини қондиришни рад этгани ҳақида ёзади.
Клара Сахарованинг сўзларига кўра, Андрей Кубатиннинг номига доғ туширишган. “У 2,5 йил ноқонуний қамоқда ўтирди. У сиёсий маҳбус сифатида тан олинди, у оқланди, аммо ҳеч ким унга ҳеч нимани компенсация қилмади, реабилитация қилмади – унга моддий ва маънавий компенсация тақдим этишлари керак эди, у даволаниши зарур эди. Давлат томонидан ҳеч нима қилинмади”, — дейди у.
Бош саҳифадаги фотосурат: Андрей Кубатиннинг Facebook саҳифаси
Шарҳлар