Прокурор блогер Отабек Сатторий учун 11 йилга озодликдан маҳрум қилиш жазосини сўради
Сурхондарё вилоятининг Музработ туман жиноят ишлари судида прокурор ҳокимиятни танқид қилган блогер Отабек Сатторий учун 11 йилга озодликдан маҳрум қилиш жазосини сўради, деб ёзади «Медиазона» нашри.
Прокурорнинг фикрича, ишда юмшатувчи ҳолатлар бўлиши мумкин эмас, чунки Сатторий айбини тан олмаган ва жабрланувчиларга етказилган зарарни қопламаган.
Айбловчи суддан Сатторийни Термизда уй-жой қурилиши билан шуғулланувчи МЧЖ раҳбари Тўлқин Шопўлатовдан таъмагирлик йўли билан иккита квартирани харид қилганликда, блогер Денов туман ФҲДЁ бўлимининг собиқ мудираси Насиба Норбоевани “порахўр” деб айтган видеони чоп этганликда, вилоят газ идораси ходимларига нисбатан таъмагирликда айбдор деб топишни талаб қилди. Шунингдек, прокурор блогерни «Чинора Гул Барака» бозорининг директоридан қиймати 5 млн сўмдан ошувчи (475 доллар) Vivo 50 телефонини ундиришда ва Термиздаги онкология марказининг раҳбарига туҳмат қилганликда айблади.
Прокурор Сатторийни туҳмат қилишда (ЖКнинг 139-моддаси 3-қисми, “а”, “г” бандлари) ва таъмагирликда (ЖКнинг 165-моддаси 3-қисми “а” банди) айбдор деб топишни талаб қилди ва жазоларни қисман қўшиш йўли билан 11 йилга озодликдан маҳрум қилиш жазосини сўради.
Қайд этиб ўтамиз, 2021 йил март ойи бошида Сурхондарё вилоят ИИБ ҳузуридаги тергов бошқармаси блогерга ўта йирик миқдорда такрор таъмагирлик қилиш, туҳмат қилиш ва ҳақорат қилиш айбини қўйганди. Тергов тахминларига кўра, Сатторий 2020 йил июнь ойидан 2021 йил январь ойигача моддий манфаат олишга уринган ҳолда саккиз кишига қарши “таъмагирлик, туҳмат ва ҳақорат каби жиноятларни содир этган”.
Сатторий телефон ундириб олишда гумон билан 30 январь куни уйининг ёнида қўлга олинди. Ўша куни суд блогерни ҳибсга олди ва туҳмат қилиш, ҳақорат қилиш ва ёлғон маълумотларни тарқатиш ҳақидаги модда бўйича 9,8 млн сўмга жаримага тортди. Тергов маълумотлари бўйича 2020 йил декабрь ойида Сатторий телефонга «Чинора Гул барака» бозорининг “камчиликлари” ҳақида видео олган. Ижтимоий тармоқларда чоп этиш билан таҳдид қилиб, бозор хўжайинидан унга янги телефон харид қилишни талаб қилган. Блогернинг отасининг таъкидлашича, Отабек бозорга ярмаркани суратга олишга келган, унда озиқ-овқат маҳсулотларини арзон нархларда сотишлари керак бўлган, аммо назоратчилар ундан телефонини олиб қўйган. Сатторийнинг оиласи жиноий таъқибни блогер маҳаллий ҳокимиятни танқид қилгани, бозордаги олиб сотарлик фактларини ёритгани билан боғламоқда.
Ўзининг Xalq Fikri ютуб-каналида Сатторий йўллар қурилишидаги бузилишлар, янги туманда сув ва электр энергияси йўқлиги ҳақида ҳикоя қилган. Шунингдек Сатторий ҳуқуқлари бузилган деб ҳисобловчи маҳаллий аҳоли ҳақидаги ҳикояларни чиқарган.
Фотосурат: Отабек Сатторий / Facebook
Шарҳлар