Қарши туманида завод қурилиши учун 71 та дарахт кесилди
Қашқадарё вилоятининг Қарши туманида 71 дона мевали дарахт таг-туги билан қўпориб ташланиб, табиатга 27 миллион 551 минг сўм зарар етказилди.
фермер Суннат Тошматовнинг «Дарё» нашрига маълум қилишича, ўзбошимчалик Акмал Ботиров исмли тадбиркор томонидан «ҳоким буюрди», деган важ билан амалга оширилган.
Фотосурат: Daryo
«Не-не умидлар билан парваришлаган боғим ва 71 та мевали дарахтим трактор ёрдамида таг-туги билан қўпориб ташланибди. Бу ишни қилган Акмал Ботировдан нимага бундай қилганини сўраганимда ‘Бу ерни бизга ҳоким опа берди ва дарахтларни қўпориб ташлайверишимни айтди’, деди», – дейди “Дилмурод Обид” фермер хўжалигининг раҳбари Суннат Тошматов.
Фермер ўз боғидаги мевали дарахтлар кесиб ташланганини билгач, вилоят Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш бошқармасига мурожаат қилган.
«Ҳақиқатан ҳам Қарши туманидаги Янгибоғ ҳудудидаги 1,7 гектар майдонга эга боғдан 71 та мевали дарахт таг-туги билан техника ёрдамида қўпориб ташлангани, натижада табиатга етказилган зарар 27 миллион 551 минг 500 сўмни ташкил қилгани маълум бўлди. Бу ҳақда бошқармамиз томонидан вилоят прокурорига мурожаат қилинган. Фуқаро Акмал Ботировнинг хатти-ҳаракатига ҳуқуқий баҳо бериш ва жавобгарлик масаласини ҳал этиш сўралган», — дейди вилоят Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси ахборот хизмати раҳбари Карима Ёдгорова.
Акмал Ботиров боғ жойлашган ҳудуд ҳокимлик томонидан унга берилгани учун дарахтларни кесишга журъат қилганини, аммо фермер айтганидек 71 та эмас, 2-3 та дарахт кесилганини, кейин дарахт кесиш ишлари тўхтатилганини билдирди.
«Ўша ерда завод қуришни мўлжал қилганмиз. 22 миллион доллар инвестиция олиб кириб, 250 та янги иш ўрни яратяпмиз. Бу Президентимизнинг вилоятга ташрифи чоғида айтилган. Қолаверса, фермер бу ерни ноқонуний эгаллаб олган экан. Дарахтлар ҳам мева бермайдиган дарахтлар экан», — дейди Акмал Ботиров.
Акмал Ботировнинг айтишича, у ўзига берилган ер майдонидаги дарахтларни кесиш учун ҳеч қайси ташкилотдан рухсат олмаган. Вилоят экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси вилоят прокуратурасига мурожаат қилиб, дарахт кесгани учун ундан 27 миллион 500 минг сўм жарима ундиришни сўрганидан ҳам хабари йўқлигини айтди.
Қад этиб ўтамиз, Ўзбекистонда қимматли дарахт турларини кесишга қўйилган мораторий 2021 йил охиригача узайтирилган.
Шарҳлар