Қашқадарё вилоятида 18 ёшли қиз ўз уйида осилган ҳолда топилди. Қизнинг онаси куёвини айбламоқда
Қашқадарё вилоятининг Косон туманида 18 ёшли жувон яшаш уйидан осилган ҳолда топилди. Марҳуманинг онаси Муҳаббат Нуримова қизининг ўлимида куёвининг қўли борлигини айтмоқда. Бу ҳақда “Дарё” нашри хабар беради.
«2020 йил 9 май куни эрталаб соат 10:00 да куёвим бизга қўнғироқ қилмай, қўшнимизга қўнғироқ қилган ва бизни сўраган. Телефонни олиб гаплашсам, қизим ўзини осиб қўйганини, уйдан чиққанига ўн дақиқа бўлганда шу воқеа содир бўлганини айтди. Қизим ва куёвим яшайдиган уйини билмаганим сабаб манзилни сўрадим ва воқеа жойига етиб бордим», — дейди Муҳаббат Нуримова.
Муҳаббат Нуримованинг айтишича, у ўша куни қизи ва куёви куёви берган манзилда яшамаганлигини билган.
«Куёвим менга бошқа манзилда яшаётганликларини айтганди. Аммо ўша шум хабарни эшитганимда улар бошқа манзилда яшаганлигини билдим ва воқеа жойига етиб бордим. Борганимда қизимнинг жасади совиб улгурган экан. Кўзлари бўртиб чиққан, кўкариб кетганди», — дейди марҳуманинг онаси.
«Набирамнинг бўйи узун эди. Ўзини осгани айтилган эшикка бўйи етарди. Ўзини осган одам жон талвасасида ҳаракатланади ва оёқ кийими ҳар томонга отилиб кетади. Ажабланарлиси, набирамнинг оёқ кийими эса чиройли қилиб, тахлаб қўйилганди. Шунингдек, ўзини осгани айтилган эшик ойнали бўлса-да, унга зарар етмаган», — дейди марҳуманинг бувиси Мавжуда Раҳматова.
Марҳуманинг онаси Муҳаббат Нуримованинг айтишича, Косон туманида яшовчи куёви Ш.Ғ. қизининг номусига теггани учун унга турмушга беришга мажбур бўлган. Аёлнинг сўзларига кўра, Ш.Ғ. айбини ювиш учун уйдагилари ва турмуш ўртоғини рози қилиб, қариндошлари Баҳодир ва Марҳабо исмли эр-хотинни совчиликка юборган. 2020 йил 3 март куни эса Моҳинур Жўраевага уйланиб, Қарши шаҳридаги кўп қаватли уйига олиб кетаётганини билдирган.
«Карантин бошланиб қолгач эса ‘Қаршига бориб-келиш қийин бўляпти, қизингиз оч қолиб кетяпти’ деб қизимни Косонга — турмуш ўртоғи ва болаларининг олдига олиб келди. Ҳали турмуш қурганига бир ой ҳам бўлмаган қизимни Ш.Ғ.нинг хотини ҳақоратлаб, кўч-кўронини кўчага улоқтирган ва уйдан ҳайдаб чиқарган», — дейди Муҳаббат Нуримова.
«Бу каби ҳолатлар давом этавергач, куёвим қизимни туман марказидаги ‘дом’га кўчирди. Қизимни ўша ерда ҳам тинч қўйишмади. Бақир-чақир, уруш-жанжал давом этгач, қизимни уйимга олиб келдим ва у мен билан 4 майгача бирга яшади. Ўша куни куёвим қизимга телефон қилиб, янги уй сотиб олганини айтган ва уни олиб кетди», — дейди марҳуманинг онаси.
Муҳаббат Нуримованинг билдиришича, қизи 4 май куни куёви билан чиқиб кетиб, кайфияти ёмон ҳолатда қайтган.
«Қизим ўша куни менга нимадир демоқчи бўлди, аммо айтолмади. ‘Айтсам, мусулмончиликка тўғри келмайди’ деди, лекин айтмади. Гапининг охирида ‘қайтай, ҳаммасини айтаман, аммо куёвингиз билмасин’ деди. Нимани айтмоқчи бўлди, нега бундай деди, билолмай қолдим», — дейди онаизор.
«7 май куни қизимнинг туғилган куни эди. 18 ёшга тўлганди. Аммо ўша кун ҳам куёвим бизни гаплаштирмади. Фақат эсдаликка қолади, дея қизим тушган видеони жўнатди. Шу-шу 9 май куни қизимнинг ўз жонига қасд қилганини айтишди. Нима қилган бўлса ҳам куёвим қилган. Қизимнинг 18 ёшга тўлишини кутган ва ундан қутулган. Буни охирги пайтларда биз билан умуман гаплаштирмай қўйганидан ҳам билса бўларди», – дейди марҳуманинг онаси Муҳаббат Нуримова.
Муҳаббат Нуримованинг айтишича, мазкур воқеа содир бўлганига салкам икки ой вақт ўтган бўлса-да, туман прокуратураси терговчиси Ҳасан Қурбоновнинг иш билан шуғулланиши жуда суст.
Суд-экспертиза хулосасида айтилишича, марҳуманинг ўлими осилган ҳолда топилишидан уч-тўрт соат олдин рўй берган. Мурдадаги ўзгаришлар — мушак қотиши, мурда доғлари ва мурда совиши шундай хулосага сабаб бўлган. Ҳолбуки, Муҳаббат Нуримованинг айтишича, куёви унга уйдан чиқиб кетганига ўн дақиқа ўтар-ўтмас қизи ўзини осиб қўйганини билдирган. Суд-экспертиза, шунингдек, марҳуманинг танасида ўлимидан олдин жароҳатлар бўлганлигини ҳам маълум қилган. Таъкидланишича, бу жароҳатлар марҳума ўлимидан икки-уч кун олдин орттирилган.
ҳозирда ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 103-моддаси 1-қисми (Шахсни қўрқитиш, унга раҳмсиз муомала қилиш ёки унинг шаъни ва қадр-қимматини муттасил равишда камситиш натижасида уни ўзини ўзи ўлдириш даражасига ёки ўзини ўзи ўлдиришига суиқасд қилиш даражасига етказиш) билан жиноят иши қўзғатилган ва Косон туман прокуратураси томонидан дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Бизни Telegram каналида ҳам ўқинг.
Шарҳлар