Қашқадарё вилоятида фермер ва милиция ходимлари ўртасида экилмаган ғўза сабабли можаро юз берди

Қашқадарё вилоятида фермер ва милиция ходимлари ўртасида экилмаган ғўза сабабли можаро юз берди

Қашқадарё вилоятининг Яккабоғ туманида фермернинг бир гектар майдондаги пиёзи пайҳон қилинган. Бу ҳақда «Дарё»га шикоят қилган фермер хўжалиги раҳбари Муродилла Худойназаровнинг айтишича, воқеа 21 май куни содир бўлган.
 
«Озиқ-овқат маҳсулотларига бўлган эҳтиёж сабаб фермер хўжалигимда бир гектар майдонга пиёз эккандим. Ҳокимиятдан эътироз билдиришгани учун ярмини хом бўлса ҳам йиғиштириб олдик. Аммо қолган 40 сотихи уруғлик пиёз эди, ҳали йиғиб олишга улгурмагандик. ИИБ ходимлари келиб, уруғлик пиёзимни трактор билан пайҳон қилиб ташлади», — дейди фермер хўжалиги раҳбари Муродилла Худойназаров.
 
«Дарё»га тақдим этилган видеода икки нафар ИИБ ходимининг фуқаро қаршилигига қарамасдан, унинг қўлларини ушлаб олиб кетишга уринаётганини кўриш мумкин.
 
Видеони тасвирга олган фуқаронинг айтишича, ИИБ ходимлари ушбу ҳолатда фермерни уриб-сўкиб олиб кетмоқда. Яна бир видеода эса ИИБ ходимлари воқеани тасвирга олаётган фуқарога эътироз билдириб, унинг ҳаракатига қаршилик қилади.

«ИИБ ходимлари менга куч ишлатиб, олиб кетишга уринаётганини куёвим Фаррух Дагаров телефонига суратга ола бошлади. ИИБ ходимлари эса буни кўриб, янаям ғазабланди. Куёвимга мен суратга олишни буюрганимни айтиб, менга куч ишлатишди», — дейди 56 ёшли Муродилла Худойназаров.
 
Фермернинг қўшимча қилишича, куёвининг воқеани суратга олаётганини кўрган ИИБ ходимлари унга ташланган ва телефонини тортиб олишга уринган, аммо ололмаган.

«Куёвимнинг телефонини олишолмагач, менинг телефонимни олиб қўйишди ва ҳалигача қайтариб беришмади», — дейди ИИБ ходимларидан норози бўлган фермер.
 
Мазкур воқеага муносабат билдирган Яккабоғ туман ҳокимлиги фермерни ўзбошимчаликда айблади.
 
«Яккабоғ туманининг «Дархон» МФЙ ҳудудида фаолият кўрсатиб келаётган «Худойназаров Муродулла Бобомуродович» фермер хўжалиги туман ҳокимининг 2019 йил 24 январдаги қарори асосида ташкил этилиб, 102,1 гектар ер майдони ажратиб берилган. Шундан суғориладиган ер майдони 96,3 гектар бўлиб, жорий йил 52 гектар ерга ғалла, 35,8 гектарга чигит қадалган. Фермер белгиланган режага нисбатан 2,3 гектар кам чигит эккани аниқланган. Шунингдек, фермер ўзбошимчалик билан ноқонуний равишда 6,1 гектар майдонга беда, 1,40 гектарга эса пиёз эккан. Фермернинг 1 гектар ер майдони бўш турган», — дейди Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари Яккабоғ туман кенгаши раиси Аброр Тўхтамишов.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.