Қашқадарё вилоятида маҳаллий бюджет маблағлари Қарши Ситини ободонлаштиришга йўналтирилади

26 май куни Халқ депутатларининг Қашқадарё вилоят кенгаши вилоят маҳаллий бюджетининг 9 млрд 86,3 млн сўм миқдоридаги қўшимча манбаларидан Qarshi Сity’ни ободонлаштириш (2,5 млрд сўм), хусусан, у ерда болалар ўйин майдонларини қуриш, декоратив дарахтлар экиш, яшил зона яратиш, йўлларни асфальтлаш ва коммуникация ишларини амалга ошириш учун фойдаланиш тўғрисида қарор қабул қилди. Бу ҳақда “Новости Кашкадарьи” нашри ёзади.

Маҳаллий бюджетнинг қўшимча манбаларидан яна 1,5 млрд сўмни сиёсий партияларнинг вилоят кенгашлари жойлашган биноларни капитал таъмирлаш лойиҳа-смета ҳужжатларини ишлаб чиқишга ажратиш режалаштирилмоқда. Деярли яна шунча маблағни (1 млрд 420,5 млн сўм) шаҳарлар ва туманлар ҳокимларининг жамоатчилик билан мшлаш бўйича маслаҳатчиларини сақлаш билан боғлиқ харажатларга йўналтириш кўзда тутилган.

Шу муносабат билан ЎзР Бюджет кодексининг 126-моддасига мувофиқ вилоят бюджетининг қўшимча манбаларидан фойдаланиш ҳақидаги қарор вилоят халқ депутатлари кенгаши томонидан вилоят ҳокимлигининг таклифлари асосида, биринчи навбатда, ижтимоий соҳа муассасаларининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш мақсадларида қабул қилинаётгани эслатиб ўтилади.
 
Умуман олганда, Кенгаш қарорига кўра, вилоятни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга 1 млрд 482,6 млн сўм, кредиторлик қарзларини узишга 500 млн сўм, бошқа харажатларга 7 млрд 103,7 млн сўм йўналтириш режалаштирилган.

Фотосурат: Ўзбекистон президентининг матбуот хизмати

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.