Қирғизистон чегара хизмати: Ўзбекистон ҳарбийлари чегарани ноқонуний кесиб ўтгани йўқ

Қирғизистон чегара хизмати: Ўзбекистон ҳарбийлари чегарани ноқонуний кесиб ўтгани йўқ

Ижтимоий тармоқлар ва мессенжерларнинг қирғиз сегментида Ўзбекистон аскарлари гўёки Қирғизистон ҳудудига ноқонуний ўтаётганини акс эттирувчи видео тарқалди. Ушбу видеони олган фойдаланувчининг таъкидлашича, бу Жалолобод вилоятининг Олабўка туманидаги Чон-Сай қишлоғида юз берган. Бу ҳақда Kaktus.media хабар беради.

ҚР Давлат чегара хизматининг Жамоатчилик ва ОАВ билан алоқалар бўлими бу хабарга тезкор реакция кўрсатиб, Ўзбекистон ҳарбийлари Қирғизистон ҳудудига ўтмаганини маълум қилди.

«Жалолобод вилоятининг Олабўка туманидаги Кўк-Тош қишлоқ округида жойлашган Ак-Курча ҳудудидаги давлат чегарасининг шартли чизиғи яқинида Қирғизистон фуқаросига тегишли бўлган чорва ўтлаб юрган. Моллар Ўзбекистон ҳудудига ўтиб кетган.

Икки мамлакат чегара хизматлари ўртасидаги келишувларга мувофиқ, чорва туташ ҳудудга ўтиб кетса, чегарачилар уни мустақил равишда ортга қараб ҳайдайди. Ўзбекистон чегара наряди ҳам чорвани Қирғизистон ҳудудига ҳайдаш учун шартли чизиққа етиб келган.

Аммо Ўзбекистон ҳарбийлари ва Қирғизистон фуқаролари ўртасида кичикроқ можаро юзага келган», – дейилади хабарда.

Воқеа жойига етиб келган Қирғизистон чегара наряди Ўзбекистон чегарачилари билан музокаралар олиб борган. Идора берган маълумотга кўра, можароли вазият ҳал этилган.

«Чегара яқинидаги ҳудудлар аҳолиси ва маҳаллий ўз-ўзини бошқариш органлари вакиллари орасида тушунтириш ишлари олиб борилмоқда», – дея қўшимча қилади Чегара хизмати.

Асосий саҳифадаги фотосурат: тарқалган видеодан лавҳа.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.