Қирғизистон ДМХҚ раҳбари Ўзбекистон «Қамбар-Ота-1» ГЭСини биргаликда қуришга тайёрлигини билдирди

Қирғизистон Давлат миллий хавфсизлик қўмитаси раҳбари Қамчибек Ташиевнинг айтишича, Ўзбекистон Қирғизистон билан ҳамкорликда “Қамбар-Ота-1” ГЭСини қуришга тайёр. Шу билан бирга, у Россия ва Қозоғистоннинг ҳамкорликдаги қурилишдан воз кечиш сабабини ҳам билдирди. Бу ҳақда Kloop нашри ёзади.
 
Садир Жапаров биргаликда ГЭС қуришни Қозоғистонга ва Россияга борганда таклиф қилганди.
 
«Россиялик дўстларнинг сўзларига кўра, улар ҳозирча биргаликда “Қамбар-Ота-1” ГЭСини қуришга рози эмас, чунки уларнинг ҳисоб-китобларига кўра, электр энергиясининг арзонлиги сабабли қурилиш ўзини оқлай олмайди. […] Садир Жапаров Қозоғистонга сафари чоғида президент Қасим-Жомарт Токаевга ҳамкорликда қуришни таклиф қилганди. Жапаров “ер, сув ва ҳамкорлик беришни” таклиф этди, қозоқлар ҳозир уларда “электр энергияси етарли эканини ва улар қурилиш билан шошишни хоҳламаётганини…” билдирган, — дейди Ташиев.

Шунга қарамасдан, Ташиевнинг сўзларига кўра, биргаликда ГЭС қуришга Ўзбекистон тайёр.
 
«У [Садир Жапаров] келинглар биргаликда Қамбар-Отани қурамиз, ундан биргаликда фойдаланамиз, иккала давлат ҳам фойда кўради. Улар бунга рози бўлди, шу боис ҳаракат қилишмоқда. Бунинг нимаси ёмон?» — дейди у.

Ташиевнинг қайд этишича, агар Қирғизистон ГЭСни Ўзбекистон билан ҳамкорликда қурса, иккала мамлакатда ҳам 50 га 50 улуш бўлади. Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, “Қамбар-Ота-1”ни қуришга 2 млрд доллар талаб қилинади.

 «Ўзбекистон томони қурилишга йўналтириладиган 2 млрд долларни қайтариб олмагунича, ГЭСдан фойдаланади. Эҳтимол бу 10 ёки 25 йил давом этар, буни вақт кўрсатади. Улар йўналтирилган маблағларни чиқариб олганидан кейин ГЭС бизда қолади, у давлатга тегишли бўлади», — қайд этади у.

Қирғизистон президентининг Ўзбекистонга ташрифи

11-12 март куни Садир Жапаров давлат ташрифи билан Ўзбекистонда бўлди. Президентлар музокараларининг якунлари бўйича томонлар саноат, молия, энергетика, ҳарбий-техника соҳаларида 22 та ҳужжатни имзолади.

«Энергетика ва саноат вазирлиги линияси бўйича “Қирғизистон Республикасида Қамбар-Ота-1 ГЭСини қуриш” инвестицион лойиҳасини биргаликда тайёрлаш тўғрисидаги келишув имзоланди», — дея хабар беради Жапаровнинг матбуот хизмати.

Қамбар-Ота-1 ГЭСи билан сансалорлик

«Қамбар-Ота-1» ГЭСини лойиҳалаштириш ишлари  40 йил олдин Тошкентда бошланганди, аммо уни амалга ошириш масалалари фақат 2012 йилдагина давлат даражасига кўтарила бошланди. Россиянинг «РусГидро» компанияси НЭС қурилишини 2021 йилда якунлаши лозим эди. Бажариладиган ишлар тўхтаб қола бошлади ва Қирғизистон 2016 йилда келишувни бир томонлама тартибда тўхтатди.
 
2020 йил февралда Қирғизистон ГЭСни мустақил қуриши ҳақида эълон қилганди, аммо ўша йил октябрь ойида мамлакатда ҳокимият алмашди ва сиёсий инқироз бошланди.

Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, агар “Қамбар-Ота-1” ГЭСи ишласа, унинг қуввати 1 млн 900 минг кВт соатни ташкил қилади, бир йилда эса у 5 млрд кВт соат электр энергиясини ишлаб чиқаради.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.