Қирғизистон ДМХҚ раҳбари Ўзбекистон-Қирғизистон чегарасида ер алмашиш шартларини ўзгартиришни таклиф этишини ваъда қилди
Қирғизистон Давлат миллий хавфсизлик қўмитасининг (ДМХҚ) раиси ва давлат чегарасини делимитациялаш ва демаркациялаш бўйича Қирғизистон делегациясининг раҳбари Қамчибек Ташиев 19 апрель куни Ўш вилоятининг Қора-Сув тумани аҳолиси билан учрашди. Улар Кампиробод сув омбори ёнидаги 50 гектар ернинг Ўзбекистонга берилишига қарши чиқмоқда. Учрашувга юзлаб одамлар келди, деб ёзади Kloop.
Учрашувда Кампиробод сув омбори яқинида жойлашган Савай қишлоқ округи аҳолиси Қирғизистон ҳукуматининг Ўзбекистонга 50 гектар ерни бериш ҳақидаги қароридан ғазабга келган.
30 март куни Узген вилояти аҳолиси билан учрашувда Ташиев Ўзбекистонга Кампиробод сув омбори тўғони бошланадиган жойда 50 гектар ер берилганини маълум қилганди. Уларнинг ўрнига Қирғизистон бошқа ҳудуддан ер олган.
Ташиев нима деди
Учрашув бошида Ташиев келишув шартларига кўра Қирғизистон ушбу 50 гектар ерни беришига тўғри келишини айтади. Учрашув якунида эса у ўз фикрини ўзгартирди: у аҳолига яна бир марта Тошкентга бориб келишни ва ер алмашиш шартларини ўзгартиришни ваъда берди.
«50 гектар ернинг 20 гектарини Ўзбекистон тўсиб бўлди. Мен уларга [Ўзбекистонга] 50 гектарнинг ҳаммасини тўсмасликни таклиф қиламан. 50 гектар ерни эмас, балки улар тўсиб қўйган 20 гектарни [сув омбори ёнида] алмаштиришни таклиф қиламан. Энди мен Ўзбекистонга бораман ва шу вариантни таклиф қиламан […] Агар биз 20 гектар ерни бу ерда берсак, бошқа жойда – Узген туманида – 20 гектарни оламиз. Фақат ҳудудлар билан алмашув бўлади […] Биз Тошкентдаги ҳамкасбларимизни ишонтиришга ҳаракат қиламиз», — дейди у.
Ташиевнинг сўзларига кўра, Ўзбекистон сув омборининг хавфсизлигини таъминлаш мақсадларида айнан шу участкани сўрамоқда.
16 апрель куни Қора-сув туманининг Интимоқ қишлоғи аҳолиси Кампиробод сув омбори ёнида ўтовлар ўрнатиб, уларнинг олдига Ташиев келишини талаб қилган.
Қирғизистон ва Ўзбекистон ўртасидаги келишув
23 март куни Қамчибек Ташиев Тошкентга музокаралар учун учиб кетганди. 26 март куни эса ДМХҚ раҳбари Қирғизистон ва Ўзбекистон барча чегара олди масалаларини 100% ҳал қилганини маълум қилди.
Ўзбекистон билан келишувга кўра, Қирғизистонга қуйидагилар ўтди:
· Кок-Cерек участкасида 105 гектар ер;
· Баястан участкасида 212 гектар ер;
· Ак-Таш участкасида 100 гектар ер;
· Кара-Белес участкасида 25 минг гектар ер — у аввал Қирғизистондан Ўзбекистонга ўтганди, энди эса у қайтарилди;
· Ункур-Тоо (Унгар-Тоо) тоғида 35 гектар ер.
Бунинг эвазига Жалолобод вилоятидаги Орто-Токой сув омбори тўлиқ Ўзбекистонга ўтди. Икки томонлама музокаралар натижасида, Қирғизистонга Орто-Токойдаги сувнинг 5% дан фойдаланишга рухсат берилди.
Қирғизистон-Ўзбекистон чегараси
Қайд этиб ўтамиз, Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасида келишилмаган чегаралар сабабли низолар Совет Иттифоқи парчаланиб кетганидан кейин бошланди. Совет даврида ушбу мамлакатларнинг маъмурий чегараси жой рельефини ҳисобга олмаган ҳолда чизилганди.
Қирғизистон-Ўзбекистон чегарасининг узунлиги 1378 км ни ташкил қилади. Улардан 1170 км ёки 85% тавсифланган. Қирғизистон ва Ўзбекистон ўртасида 9 та низоли ҳудуд мавжуд бўлиб, уларда тез-тез икки мамлакат фуқаролари ўртасида низолар содир бўлиб туради.
Ҳозир Қирғизистон ҳудудида тўртта анклав – Сўх, Шоҳимардон, Чон-гара ва Таш-Добе қолган. Ўзбекистонда битта қирғиз анклави Барак мавжуд бўлиб, унинг майдони тўрт километр квадратни ташкил қилади. У ерда вақти-вақти билан низолар содир бўлиб туради.
Низоли Унгар-Тоо ва Орто-Токой (Косонсой) сув омбори бўйича охирги низо 2016 йил августида содир бўлганди.
Фотосурат: live.kg
Шарҳлар