Қирғизистон ДМХҚ раҳбари Ўзбекистонга ер берилишига қарши норозилик намойишини уюштирган Ўш аҳолиси билан учрашди

Қирғизистон давлат миллий хавфсизлик қўмитаси (ДМХҚ)нинг раҳбари Қамчибек Ташиев Ўш вилоятида Кампиробод сув омбори ҳудудининг 50 гектарини  Ўзбекистонга беришга қарши норозилик намойишини ўтказаётган аҳоли билан учрашди. Ташиев ер қўшни мамлакатга берилмаслигини ваъда қилди, деб ёзади «Медиазона».

«Sputnik Кыргызстан» маълумотларига кўра, Ташиев билан учрашувга уч мингдан ортиқ фуқаро келган. Шунингдек Ташиев чегаралар делимитацияси ва демаркацияси бўйича ҳукумат комиссиясига ҳам раҳбарлик қилади.

«Биз Қуршаб аҳолисининг талабларини эътиборсиз қолдиролмаймиз. Халқнинг талаби биз учун ҳаммасидан муҳимроқ. “Кампирободни бермаймиз” деяпсизми, думак уни бермаймиз. Қолган масалаларни Ақси, Ала-Буке ва Боткентда ҳал қилишда давом этамиз», — дейди ДМХҚ раҳбари.

У Кампиробод сув омбори билан боғлиқ масала ҳал қилинганини айтиб, намойиш иштирокчиларидан тарқалишларини сўради. Унинг сўзларига кўра, май ойида Қирғизистонга чегаралар бўйича музокаралар учун Ўзбекистон вакиллари ташриф буюради, музокаралар Ўш вилоятида ўтказилади.

Қайд этиб ўтамиз, 21 апрель куни Ўш вилоятининг Ўзген туманидаги Қуршаб аҳолиси Кампиробод сув омборининг 50 гектар ерини Ўзбекистонга берилишига қарши муддатсиз норозилик намойишини бошлаган эди. Намойиш иштирокчилари сув омбори ёнида ўтовлар қуриб, Қирғизистоннинг Ўзбекистон билан ўзаро ер алмашишга розилигини кўзда тутувчи икки мамлакат баённомасини бекор қилишни талаб қилганди.
 
Фотосурат: “Sputnik Кыргызстан”

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.