Қирғизистон-Ўзбекистон чегарасида можаро содир бўлди
Кеча 6 январь куни Қирғизистон ва Ўзбекистон чегарасидаги Ола-Бўка туманида жойлашган Оқсой қишлоғига қарашли Ак-Курча участкасида маҳаллий аҳоли ва Ўзбекистон чегарачилари билан низо содир бўлди. Бу ҳақда Kaktus.media хабар беради.
Дастлабки маълумотларга кўра, низога қишлоқ аҳолисининг чорва моллари аниқлик киритилмаган чегара ҳудудига ўтиши сабабчи бўлган.Қирғизистон Чегара хизмати берган маълумотга қараганда, айни пайтда низога барҳам берилган.
«6 январь куни Қирғизистон-Ўзбекистон давлат чегарасининг аниқлик киритилмаган участкасида Қирғизистон фуқаролари ва Ўзбекистон ҳарбийлари ўртасида юз берган низо муносабати билан икки мамлакат вакилларининг учрашуви ўтказилди.
Учрашув якунлари бўйича Ўзбекистон томони Қирғизистон томонига юқорида тилга олинган участкага ўтиб кетган 520 бош майда шохли чорвани қайтарди. Қирғизистон томони, яъни чорва эгалари Ўзбекистон ҳарбийларига нисбатан эътирозлари йўқлигини билдирди», – дейилади хабарда.
Айни пайтда чегарачилар маҳаллий ўзини-ўзи бошқариш органлари ва Жалолобод вилоятининг Ола-бўка тумани ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларининг вакиллари билан ҳамкорликда маҳаллий аҳоли орасида тушунтириш ишларини ўтказмоқда.
Давлат чегарасининг Қирғизистон-Ўзбекистон участкасидаги вазият барқарор.
Шарҳлар