Қонун лойиҳаларини коррупцияга қарши экспертизадан ўтказишга жамоатчилик жалб этилади

24 февраль куни адлия вазирининг буйруғи билан Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва улар лойиҳаларининг коррупцияга қарши экспертизасини ўтказиш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди, деб ёзади “Газета” нашри.

Низом билан давлат органлари ва ташкилотлари томонидан чеклист тўлдириш орқали коррупциявий омилларни аниқлашни назарда тутувчи «мутлақо янги тартиб» жорий этилди, дейилади хабарда. Бунда, ҳужжатнинг ҳар бир нормаси ва қоидаси таҳлил қилиниб, коррупциявий омил бор ёки йўқлиги чеклистда акс эттирилади.

Шу билан бирга, коррупциявий омиллар тўлиқ қайта кўриб чиқилди ҳамда ҳуқуқни қўлловчилар ва фуқароларга уларнинг маъноси аниқ, лўнда ва батафсил мисоллар билан ёритилган методика асосида тушунтириб бериляпти, дейди вазирлик. Жумладан, қонунчиликда асоссиз равишда истиснолар киритилишини назарда тутиш чекланган, қабул қилинаётган норма барча учун ягона ва умумий бўлиши белгиланган.

Норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаларини ишлаб чиқувчиларга қулайлик яратиш мақсадида коррупциявий омилларга аниқ мисоллар келтирилди.

«Эндиликда лойиҳаларни коррупцияга қарши экспертизадан ўтказишда жамоатчилик кенг жалб қилинади. Бунда фуқаролар regulation.gov.uz порталида чеклист тўлдириш орқали қонун ҳужжатлари лойиҳалари бўйича ўз фикр ва мулоҳазаларини билдириши мумкин», — дея таъкидланади хабарда.

Бундан ташқари, амалдаги қонун ҳужжатларининг коррупцияга қарши экспертизаси ҳозирги кунда самарали йўлга қўйилган ҳуқуқий мониторинг тизими доирасида ўтказилиши белгиланди.

Бош саҳифадаги фотосурат: Uzinfocom

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.