Қозоғистон-Ўзбекистон чегарасида қолиб кетган Тожкистон фуқаролари уйларига етказилди
2 июнь куни чегаралар ёпиқлиги сабабли Қозоғистоннинг “Жибек Жоли” чегара ўтказиш пунктида вақтинчалик турган 237 нафар Тожикистон фуқароси Ватанига етказилди. Бу ҳақда “Азия-Плюс” нашри хабар беради.
Тожикистон ташқи сиёсий идораси томонидан тарқатилган расмий баёнотда ҳукумат Тожикистон фуқароларини ташиш учун Ўзбекистон ҳудуди бўйлаб контактсиз автомобиль коридорини тезкор тақдим этганлиги учун Ўзбекистон ҳукуматига миннатдорчилик билдирди.
«Шунингдек Тожикистон ТИВ мамлакат фуқароларининг чегарадан тўсиқсиз ўтиши учун шароитларни яратишга кўмаклашга Қозоғистон томонга ҳам миннатдорчилик билдирган», – дейилади хабарда.
Тожикистонликлар айнан қаергача етказилгани ҳақида хабарда маълумот йўқ.
Эслатиб ўтамиз, «Astanatv» телеканалининг маълумотларига кўра, тожикистонлик фуқаролар Қозоғистоннинг Ўзбекистон билан чегарадош Туркистон вилоятида икки ойдан ортиқ туришган ва карантин туфайли ватанига кета олмаган.
Бош саҳифадаги фотосурат: “Аззатык”
Шарҳлар