Қурилаётган тураржойларда газ ҳисоблагичларини ўрнатишни Россия компаниясига топширишлари мумкин
Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Табиий газни назорат қилиш ва ҳисобини юритишнинг автоматлаштирилган тизимини жорий этиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори лойиҳасининг ташаббуси билан чиқди.
Қарор лойиҳасига мувофиқ янгидан қуриладиган тураржойларга фақат маҳаллий ишлаб чиқарилган газни ҳисоблаш асбоблари ўрнатилади. Уларни ишлаб чиқариш 2020 йилнинг биринчи чорагида бошланиши керак.
«Қишлоқ қурилиш инвест» АЖ, «Шаҳар қурилиш инвест» АЖ ва бошқа пудратчи ташкилотларга тендер ўтказмасдан «Газдевайс» АЖда ишлаб чиқарилган газни ҳисоблаш асбобларини харид қилишни топширишлари мумкин.
«Газдевайс» АЖда ишлаб чиқарилган табиий газни ҳисоблаш асбобларини «Ҳудудгазтаъминот» АЖ жорий истеъмолчиларига ўрнатиш ишлари Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси кўмагида амалга оширилади. Хусусан 2020 йилда ҳисоблагичларни ўрнатиш жадвалига мувофиқ истеъмолчилар сони 3,6 млн.га етиши керак.
Солиқлардан озод этиш
Лойиҳани амалга ошириш доирасида «Газдевайс» МЧЖ ЧЭК ва «Ҳудудтаъминотгаз» АЖни:
– электрон газ ҳисоблагичлари, редукторлар, осма шкафлар ва «Газдевайс» томонидан маҳаллий истеъмолчиларга етказиб бериладиган бошқа маҳсулот учун қўшилган қиймат солиғини ва божхона тўловларини тўлашдан (божхона ҳужжатларини расмийлаштириш учун йиғимлар бундан мустасно);
– газ ҳисоблагичларини сотадиган ташкилотларни, лойиҳа доирасида тегишли дастурий таъминотни ишлаб чиқиш, ҳисоблагичларни ўрнатиш ҳамда қурилиш даврида лойиҳалаштириш, реконструкция қилиш ва капитал қурилиш бўйича хизматларни кўрсатувчи ташкилотларни қўшилган қиймат солиғидан;
– мобил алоқа хизматларидан фойдаланганлик учун акциз солиғини тўлашдан, Ўзбекистон Республикасида мобил қурилмаларнинг IMEI-кодларини рўйхатдан ўтказиш тизимида идентификация кодларини рўйхатдан ўтказиш, симсиз мобил алоқа модуллари билан жиҳозланган ҳисоблагичларнинг абонент рақамларидан фойдаланганлик учун тўловлардан озод этиш таклиф қилинмоқда.
Нега «Газдевайс» АЖ компанияси?
«Газдевайс» Акциядорлик жамияти 25 млн доллардан ортиқ устав капиталга эга, у Москва областида (Россия) рўйхатга олинган. Компания раҳбари – Прокофьев Кирилл Александрович. Асосий фаолият тури – ўлчаш, назорат қилиш ва синаш учун асбоблар, датчиклар, аппаратура ва инструментларни ишлаб чиқаришдан иборат.
Бундан олдин Энергетика вазирлиги ва «Ҳудудгазтаъминот» компанияси “бепул” газ ҳисоблагичлари бўйича лойиҳани ишлаб чиққан эди. Монополияга қарши қўмита газ етказиб беришнинг автоматлаштирилган назорат тизимини жорий этиш ҳақидаги қарор лойиҳаси рақобат, давлат харидлари ҳақидаги қонунларга ва бошқа ҳужжатларга зид эканини билдирган.
Шарҳлар