Қурилиш вазирлигига соҳа қонунчилигини қайта кўриб чиқиш учун 15 млрд сўм ажратади

Қурилиш вазирлигига соҳа қонунчилигини қайта кўриб чиқиш учун 15 млрд сўм ажратади

Молия вазирлигига 2020 йилда миллий норматив ҳужжатларни ишлаб чиқиш ва қайта кўриб чиқиш, шунингдек, халқаро экспертлар ва консультантлар хизматлари тўловини амалга ошириш учун бир ой муддатда Қурилиш вазирлигига Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг захира жамғармаси маблағлари ҳисобидан 15 миллиард сўм ажратилиши топширилди. Бу ҳақда мамлакат Президентининг “Ўзбекистон Республикасининг қурилиш соҳасидаги ислоҳотларни чуқурлаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонида сўз боради.
 
2021 йил 1 январдан бошлаб, қурилиш соҳасидаги давлат харидлари доирасида харид тартиб-таомиллари, лойиҳа-қидирув ва қурилиш-пудрат ташкилотларининг харид тартиб-таомилларида белгиланган малака талабларига мувофиқлигини баҳолашда уларнинг электрон рейтинги маълумотларидан фойдаланиш ва бошқа электрон тизимлар билан интеграциялаш имкониятини ҳисобга олган ҳолда, электрон шаклда онлайн режимида амалга оширилади. Ўз навбатида, 2020 йил 1 июлга қадар лойиҳа-қидирув ташкилотларининг электрон рейтинги шакллантирилиши керак.
 
Қурилиш соҳасида ўтказиладиган давлат харидларида электрон рейтингларга киритилган ва тегишли мезонлар (иш тажрибаси, молиявий барқарорлиги, штатида малакали ходимларнинг мавжудлиги ва бошқа мезонлар) бўйича ижобий кўрсаткичларга эга бўлган лойиҳа-қидирув ва қурилиш-пудрат ташкилотларнинг иштирок этишига йўл қўйилади. давлат харидларида иштирок этиш учун рухсат беришда электрон рейтингларга киритилган ва тегишли мезонлар бўйича ижобий кўрсаткичларга эга бўлган лойиҳа-қидирув ва қурилиш-пудрат ташкилотларнинг дастлабки малакавий баҳолашдан ўтиши, шунингдек, танлов (тендер) ҳужжатларининг умумий ва техник қисмларини тақдим этиши талаб этилмайди.

Ўзбекистон Республикаси Қурилиш вазирлиги қошида давлат муассасаси шаклида Қурилишда техник меъёрлаш маркази ташкил этилади. Қурилишда меъёрлаш тизимидаги ва инновацион технологияларни жорий қилишдаги муаммоларни ўрганиб бориш; қурилиш соҳасидаги халқаро нормалар, қоидалар ва стандартларни ўрганиш ва таҳлил қилиш асосида миллий норматив ҳужжатларни улар билан уйғунлаштириш; бинолар, иншоотлар ва уларнинг алоҳида элементларига бўлган хавфсизлик талабларини, шунингдек, бино ва иншоотларнинг энергия самарадорлигини ошириш бўйича чора-тадбирларни ишлаб чиқиш; норматив, шу жумладан, хорижий ҳужжатларнинг илмий-техник кутубхонаси ва электрон базасини ташкил қилиш ва юритиш; хорижий ва халқаро ташкилотлар, консультантлар ва мутахассислар билан ҳамкорлик қилиш ҳамда уларни миллий норматив ҳужжатлар базасини такомиллаштиришга жалб қилиш марказнинг асосий вазифаларига киради.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.