Қўшиқчи Жасур Умиров 5 йилга қамоқ жазосига ҳукм қилинди
2 февраль куни жиноят ишлари бўйича Каттақўрғон шаҳар суди томонидан айбланувчилар Жасур Умировга ҳамда А.З., Ш.В. га ҳукм ўқилди, деб ёзади “UzNews” нашри Ўзбекистон Олий судининг матбуот хизматига таянган ҳолда.
Ҳукмга кўра, Жасур Умиров Ўзбекистон ЖКнинг 118-моддаси (номусга тегиш) 1-қисми билан айбдор деб топилиб, унга 5 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. А.З. ЖКнинг 238-моддаси (ёлғон гувоҳлик бериш) 1-қисми ва 241-моддаси (жиноят ҳақида хабар бермаслик ёки уни яшириш) 2-қисми билан айбдор деб топилиб, унга ЖКнинг 59-моддаси (бир неча жиноят содир этганлик учун жазо тайинлаш) тартибида узил-кесил 1 йил 6 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. Ш.Қ. эса ЖКнинг 238-моддаси 1-қисми ва 241-моддаси 2-қисми билан айбдор деб топилиб, унга ЖКнинг 59-моддаси тартибида узил-кесил 1 йил 6 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.
Эслатиб ўтамиз, сентябрь ойи бошида Жасур Умиров Самарқанд вилоятидаги лицейда ўқийдиган 16 йшли Ш. исмли ўқувчи қизни зўрлаганликда гумон қилинган эди. ОАВда ушбу воқеа 2020 йил июнь ойида бўлгани қайд этилганди. Маълумотларга кўра, қўшиқчи қиз билан унинг дугонаси орқали танишган, уни уйига таклиф қилган, спиртли ичимлик бериб, уни зўрлаган.
Ўшанда қўшиқчи қизни зўрламаганини айтиб, бунга ўша пайтда унинг уйида бўлган дўстлари алоқадор бўлиши мумкинлигини айтганди. Бундан ташқари, қўшиқчининг сўзларига кўра, жабрланган қизнинг отаси уни шантаж қилиб, уй сотиб олиб беришини талаб қилган.
Бош саҳифадаги фотосурат: RizaNova
Шарҳлар