Рақамли иқтисодиёт тадқиқотлари маркази ходимлари моддий томондан рағбатлантирилади
“Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги тизимидаги айрим ташкилотларнинг фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Ҳукумат қарори қабул қилинди. Қарор билан “Электрон ҳукумат лойиҳаларини бошқариш маркази” ва “Рақамли иқтисодиёт тадқиқотлари маркази” давлат муассасаларининг функциялари белгиланди, деб ёзади Адлия вазирлигининг матбуот хизмати.
Жумладан, “Электрон ҳукумат лойиҳаларини бошқариш маркази”нинг асосий функцияларидан бири электрон ҳукумат ва рақамли иқтисодиёт лойиҳаларини амалга оширишда ягона технологик ёндашувни таъминлаш, шу жумладан лойиҳавий-техник ҳужжатларни комплекс экспертизадан ўтказиш ҳисобланади..
Қарор билан Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги ҳузурида “Бинолардан фойдаланиш ва капитал қурилиш дирекцияси” давлат муассасаси ташкил этилди. Дирекциянинг асосий вазифаларидан бири Вазирлик ва унинг тизимидаги ташкилотларнинг бино ва иншоотларини қуриш, реконструкция қилиш ва капитал таъмирлашда буюртмачи вазифасини бажаришдан иборат.
Марказлар ва Дирекция ходимларининг меҳнатини моддий рағбатлантириш, Вазирлик билан келишган ҳолда уларнинг низомларига мувофиқ амалга оширилади. Ушбу низомларга мувофиқ ходимларнинг лавозим маошларига 100 фоиз қўшимча ойлик устама қўлланилиши назарда тутилган.
Шарҳлар