Расул Кушербаев Жахонгир Отажоновнинг ўз номзодини президентликка қўйгани борасида фикр билдирди
Депутат Расул Кушербаев Жаҳонгир Отажоновнинг президентликка номзодини қўймоқчи бўлгани — бу демократлашувнинг кўриниши эканлигини айтди. «Отажонов президентликка номзодини қўймоқчиман дегани фожеа эмас. Мен хурсанд бўлдим. Ва ниҳоят, Ўзбекистонда ҳам қўрқмасдан, одамлар мен президент бўлишни хойлайман, деб эркин айта олиш даражасига етиб келибмиз. Бу бизнинг ютуғимиз эмасми?» — деди депутат. Кушербаев бу президент олиб бораётган сиёсатининг натижаси эканлигини таъкидлади. Қонунчилик палатаси депутати Расул Кушербаев Жаҳонгир Отажоновнинг президентликка номзодини қўймоқчи бўлгани ҳақидаги воқеаларга «Янгийўлликлар TV» дастурида муносабат билдирди, деб ёзади “Газета” нашри.
«Президент бўлиш учун президент соҳаси вакили деган нарсани ўзи йўқ. Бу бизнинг битта қолип. Яъни, ҳеч ким сиёсатчи бўлиб туғилмайди ва сиёсатчилар тайёрлайдиган алоҳида мактаб йўқ. Ҳаётни ўзи сиёсатга тайёрлайди инсонни. Касб нуқтаи назаридан қарасангиз, президентлар бу ҳар хил касбдан бўлади, ўқитувчи бўлиши мумкин, қурувчи бўлиши мумкин, иқтисодчи бўлиши мумкин, балиқчи бўлиши мумкин, футболист, санъаткор… Буни чегараси йўқ. Муҳими ўша жамоатчини, халқ шунга ишониб овозини берадими йўқми. Гап шунда», — дейди у.
«Нима қилибди? Ёки нима бизда президент тайёрлайдиган мактаб борми, фақат шу мактабни кириб ўқиганлар президент бўлиши керакми? Бунақа талаб йўқ. Энди Отажонов президентликка номзодини қўймоқчиман дегани бу фожеа эмас. Мен хурсанд бўлдим. Ваниҳоят, Ўзбекистонда ҳам қўрқмасдан, одамлар мен президент бўлишни хоҳлайман, номзодимни қўймоқчиман деб айтишга, яъни эркин айта олиш даражасига етиб келибмиз. Бу бизнинг ютуғимиз эмасми? Ким бўлишидан қаъти назар, Жаҳонгир Отажоновни ўрнида бошқа футболист бўлганда ҳам, спортсмен бўладими, қурувчи бўладими, кўча тозалайдиган ободонлаштириш ходими бўлмайдими менга деса», — деб айтди депутат.
Расул Кушербаев ҳозирда одамларнинг эркин фикр билдира олаётганини ва аваллари бундай имконият бўлмаганлигини таъкидлаб ўтди.
«Мен хурсандман одамлар шундай айтганидан. Демак биз, демократия йўлида кетяпмиз. Инсонлар шу орқали ўзининг фикрини эмин-эркин, қўрқмасдан билдириши — бу бизнинг ютуғимиз. Биз шу даражага етибмиз. Ва бу амалдаги президентнинг олиб бораётган сиёсатининг натижаси. Бунақа гаплар илгари қаерда айтиларди? Ўзига-ўзи ичида айтарди, ҳеч ким йўқ жойда ҳаммомда айтарди, ёки бурчак бурчаларда сал пайт айтсаям „тшш, тамом“ деб, одамлар қўрқарди ўзидан ўзи. Бу одам қўрқмади, очиқ айтяпти», — деди у.
Шу билан бирга Расул Кушербаев номзодларнинг сайланиши, сайланмаслиги, унда одамларнинг овоз бериши, бермаслиги иккинчи масала эканлигини айтиб ўтди.
«Керак бўлса 10 та одам чиқмайдими, мен ҳам қўймоқчиман деб. Бу умуман жамиятга фойда. Яъни жамият демократлашиб, эркинлашиб бораяпти»,– дея қўшимча қилди депутат.
Олдинроқ, собиқ хонанда Жаҳонгир Отажонов президентлик сайловларида қатнашиш истаги борлигини маълум қилган эди. Бироз вақтдан сўнг у сайловда қатнашиш истагидан қайтганини маълум қилган.
Шарҳлар