«Рустам кимлигини ҳеч ким билмайди» – польшалик журналист янги тафсилотларни гапириб берди
ТИВ ходими тегажоғлик қилган ва аккредитациядан ўтиши рад этилган польшалик журналист Агнешка Пикулицка ўзининг Твиттердаги саҳифасида янги тафсилотларни ёзади.
«Ҳозиргина Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигида ёқимли учрашув бўлди, унда мени аккредитация масаласи очиқ эканини ишонтириб айтишди. Мен бу ишорани жуда қадрлайман. Шу билан бирга менга Рустамнинг хатти-ҳаракатини тергов қилиш имкони йўқлигини, чунки… у ким эканини ҳеч ким билмаслигини айтишди», – деб ёзади журналист.
Журналистнинг сўзларига кўра, у Рустам билан ТИВда бир неча бор учрашган, шунингдек у ўтган йили журналистнинг аккредитация учрашувида ҳам қатнашган. «Ўтган йил март ойида у менга меҳнат вазири билан интервьюни ташкил қилганди, уни вазирликда ҳамма яхши танирди, назаримда».
Журналист Рустам билан мулоқот қилган телефон рақами кимнинг номида эканини текширган ва у “ДХХ Илҳомака” контактига тегишли эканини аниқлаган.
«Шу боис мен, улар излаётган кишининг исми, эҳтимол Илҳомдир деб тахмин қилдим. Сирли Рустамни қидириш ишлари тез орада ижобий натижа беришига умид қиламан. Илҳом ДХХ (ёки Рустам ДХХ) ТИВда ёки бошқа бир ҳукумат тузилмасида топилишига ишончим комил», – деб ёзади у.
Ушбу ҳолат юзасидан Сенат раиси Танзила Нарбаева ўз фикрини билдириб, буни “номақбул” деб атади.
«Ўзбекистон инсон қадр-қиммати ва ор-номусига тажовуз қилишнинг ҳар қандай шаклига
мутлақо тоқатсизлик сиёсатига амал қилади. Агнешка ўзини дадил ва эътиборли инсон сифатида намоён этган ҳолда ушбу фактни фош этди
Албатта, ушбу воқеа синчковлик билан ўрганилади, тегишли чоралар кўрилади ва айбдорлар жазоланади. Аммо бу ҳолат охирги йиллар давомида республикада амалга оширилган ислоҳотларни йўққа чиқармаслиги керак. Ўзбекистон демократик давлат ва эркин фуқаролик жамиятини қуриш йўлини танлади ва унга қатъий амал қилиш ниятида».
Буюк Британиянинг Ўзбекистондаги элчиси Тим Торлот “ушбу баёнотлар ҳавотир туғдиришини” айтади. “Жинсий шилқимликларга йўл қўйиб бўлмайди. Журналистларга босим ўтказиш бўйича саъй-ҳаракатлар хатодир, улар Ўзбекистонда ОАВ эркинлигини бўғади”, – деб ёзади у.
Бош саҳифадаги фотосурат: fb.com/apikulicka
Шарҳлар