Самарқанд вилоятида 1,54 трлн сўмлик лойиҳаларни амалга ошириш кечикмоқда
Самарқанд вилоятга бириктирилган Хитой, Туркия, Греция, Испания давлатларидаги элчихоналар томонидан таклиф этилган қиймати 1 трлн. 540 млрд. сўмлик 10 та лойиҳанинг амалга ошириш муддати кечикмоқда. Қиймати 2 трлн. 385 млрд. сўмлик 16 та лойиҳа бўйича ишлар бошланмаган. Ушбу масала Олий Мажлис Сенатининг бешинчи ялпи мажлисида муҳокама қилинди. Бу лойиҳалар қайси соҳаларга тааллуқли экани айтилмаган.
2019 йилда вилоятдаги маданият марказларида бажарилиши лозим бўлган қурилиш ишлари тўлиқ амалга оширилмаган. Масалан, Булунғур ва Пастдарғом туманларидаги маданият марказларида қурилиш ишлари якунланмаган бўлса, Каттақўрғон ва Жомбой туманларида бу борадаги ишлар бошланмаган.
Вилоят ҳокими тақдим этган ҳисоботга кўра, умумтаълим мактабларини спорт анжомлари билан мунтазам таъминлаш тизими йўлга қўйилмагани боис вилоятдаги аксар мактабларга охирги марта 2016-2017 йилларда спорт жиҳозлари етказиб берилган.
Бундан ташқари, аҳолини ичимлик суви, электр энергияси ва табиий (суюлтирилган) газ билан тўлиқ ва узлуксиз таъминлаш борасида муаммолар мавжуд. Хусусан, электр тармоқларининг айрим қисмлари фойдаланиш учун яроқсиз ҳолга келиб қолган. Газ қувурларини мукаммал таъмирлаш бўйича 2019 йилга белгиланган режа бажарилмаган. Вилоятнинг ички йўллари таъмирталаб аҳволда, дейилади хабарда.
Шарҳлар