Самарқандда чиқиндиларни қайта ишлашнинг энг илғор технологияси ишга туширилади
Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Франция ривожланиш агентлиги иштирокида Самарқандда қаттиқ маиший чиқиндиларни бошқаришни модернизациялаш лойиҳасини амалга ошириш бўйича қатор ташкилий чора-тадбирларни тасдиқлади. Бу ҳақда Anhor.uz 2017 йил апрель ойида чоп этилган материалида ҳикоя қилган эди.
Мазкур лойиҳа маҳаллалар даражасида чиқиндиларни алоҳида-алоҳида тўплашдан тортиб, то уларни қайта ишлаш ва утилизациялашгача ҳамда биогаз тўплашни ташкиллаштиришгача бўлган чиқиндиларни бошқаришнинг Марказий Осиёдаги биринчи замонавий занжирини яратишни кўзда тутади. Хусусан, 2021 йил якунигача 70 га яқин чиқинди йиғувчи машиналар ва бошқа махсус техникани харид қилиш, чиқиндилар полигони ва чиқиндиларни саралаш бўйича марказни барпо этиш, шунингдек чиқинди йиғиш пунктларини реконструкция қилиш ва янгиларини қуриш режалаштирилган.
Лойиҳани молиялаштириш ишлари Франция ривожланиш агентлигининг 23,5 млн.евро миқдоридаги имтиёзли кредити ҳамда Европа Иттифоқи Инвестиция фондининг Марказий Осиё учун 8 млн.евро миқдоридаги гранти ҳисобидан амалга оширилади.
Ўзбекистоннинг ушбу ташаббусни амалга оширишга қўшадиган ҳиссаси қарийб 5,6 млн.еврони ташкил этиб, улардан 3,2 млн.евро солиқ ва божхона имтиёзлари кўринишида тақдим этилади.
Самарқанд ҳокимлиги ҳузуридаги Maroqand Obod давлат унитар корхонаси лойиҳанинг асосий ижрочисига айланади. Давлат раҳбари Самарқанд вилоят ҳокимига август ойи охиригача қурилиш-монтаж ишларини амалга ошириш ва қарз маблағларини ўзлаштиришнинг батафсил йўл харитасини ишлаб чиқишни, шунингдек корхонанинг моддий-техника базаси ва унинг кадрлар таркибини мустаҳкамлаш бўйича чора-тадбирларни кўришни топширди.
Бундан ташқари, Мирзиёев янги полигонда энг янги илмий-техникавий ютуқлар ва илғор технологияларга мувофиқ келувчи биогазни тўплаш ва ундан фойдаланиш тизимларини харид қилиш ва ўрнатиш масаласини франциялик ҳамкорлар билан биргаликда ишлаб чиқиш заруратини алоҳида қайд этди. Янги чиқинди полигони учун майдонни барча санитария ва экология нормаларини ҳисобга олган ҳолда тайёрлаш ишларига ҳам алоҳида эътибор қаратилади.
Лойиҳани амалга оширишни тезлаштириш учун Президент лойиҳа иштирокчиларига қатор имтиёзлар ва преференцияларни тақдим этди. Хусусан, у республика ҳудудига кредитлар ва грантлар ҳисобидан олиб кириладиган ва харид қилинадиган товарлар, ишлар ва хизматларни қўшилган қиймат солиғидан, давлат мақсадли фондларига ундириладиган мажбурий ажратмалар ва йиғимлардан ҳамда божхона тўловларидан озод этди.
Шарҳлар