Самарқандда қадимий Афросиёб шаҳарчаси ёнида бизнес-маҳалла пайдо бўлади
Самарқанд вилояти Қурилиш бош бошқармаси “Сиёб” табиат-сайр боғининг ландшафт дизайни концепциясини яратиш бўйича дизайнер-лойиҳачилар учун ижодий танловга якун ясади. Танлов вилоят ҳокимлигининг ташаббуси бўйича ўтказилди, дея қайд этади “Самарқандский вестник” нашри.
Нашр маълумотларига кўра, танловда нафақат ўзбекистонлик, балки Қозоғистон ва Германиядан ҳам дизайнерлар қатнашган.
Овоз бериш натижасида Тошкент архитектура-қурилиш институтининг магистранти Феруз Субхонов ғолиб деб топилди. Иккинчи ўринни Master Design компаниясининг вакили Фарҳод Мусоқов, учинчи ўринни эса Envicon Ўзбекистон-Қозоғистон қўшма компанияси эгаллади.
Феруз Субхонов тақдим этган концепция тўртта лойиҳалаштириладиган зонани ўз ичига олади: велосипед йўлига эга дам олиш зонаси, бизнес-маҳалла, топиар-боғ ва эко-этно боғ.
«Ўз ишимда асосий эътиборни ландшафт дизайнига қаратишга ҳаракат қилдим, уни амалга оширишда ктальпа, тут, чинор, мажнунтол, кипарис каби дарахтларни жуда кўп миқдорда экиш режалаштирилган. Концепция маҳаллий ҳудуд тарихини сақлаш бўйича ЮНЕСКО талабларига мувофиқ бўлишни кўзда тутади. Лойиҳанинг “эко/этно қисмида” қурилиши кўзда тутилган бизнес-маҳалла биноларининг фасадларида экологик материаллар ва миллий элементлардан фойдаланишга урғу бердим», – дейди Субхонов.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизматининг маълумотларига кўра, Афросиёб ҳудудидаги “Сиёб” табиат-сайр боғи бош режасини ишлаб чиқишда танловнинг учта ғолиби концепциясидан фойдаланилади.
Шарҳлар