Самарқанддаги туризм объектларида ногиронлиги бўлган одамлар учун яратилган шароитлар ўрганилди
25 августдан бошлаб деярли икки ҳафта давомида волонтёрлар гуруҳи “Самарқанд тарихий обидаларига йўл” акцияси доирасида Регистон ва Гўри Амир мажмуаларида ногиронлиги бўлган одамлар учун яратилган шароитларни ўрганди. Бу ҳақда “Юксалиш” Умуммиллий ҳаракатининг матбуоит хизмати хабар беради.
Ўрганиш натижаларига кўра, Регистонда кўзи ожиз ташриф буюрувчилар учун ансамбл макети, кар-соқов бўлган ташриф буюрувчилар учун сурдотаржимон хизматлари ва мажмуа рўпарасидаги йўлдан ўтиш жойидаги светофорга қўл кнопкаси ўрнатиш, Гўри Амир мақбарасида эса мақбарага кириш эшигига ва ичкарига 2 та пандус, ногиронлиги бўлган шахсларга мослаштирилган ҳожатхона қуриш бўйича таклиф ва тавсиялар берилди.
Ишлар бошқа тарихий объект ва зиёратгоҳларда ҳам давом эттирилди. Жумладан, “Имом ал-Бухорий” мажмуасида ногиронлар аравачаси юриши, тепага кўтарилиши учун зарур бўлган пандуслар мавжуд бўлсада, улар стандарт талабларига мувофиқ эмаслиги аниқланди ва уларни бартараф этиш муҳокама қилинди. Натижада, қатор камчиликлар, хусуан, мажмуа музейига кириш йўлларига ҳам 2 та кичик пандус қуриш ишлари ва таҳоратхонани ҳам имконияти чекланган фуқароларга мослаштириш ишлари тезкорлик билан бажарилди.
“Шоҳизинда” мажмуаси ҳам баъзи стандартларга мос эмаслиги, хусусан, ногиронлик аравачаларида ҳаракатланиши учун шароитлар мавжуд эмаслиги, мажмуага пастки томондан кириш ногиронлиги бўлган шахсларга катта қийинчилик туғдириши маълум бўлди. Бунинг учун эса объектнинг юқори томонидан кириш қисмидаги зиналарда 6 та пандус ўрнатиш ва таҳоратхоналарини ҳам имконияти чекланганлар учун мослаштириш бўйича таклиф берилди.
Бундан ташқари, ўрганилган ва қолган бошқа объектларда кўзи ожизлар учун Брайл алифбосидаги маълумот берувчи табличкалар бўлиши кераклиги алоҳида тушунтирилди, дейилади хабарда.
Шарҳлар