Самарқанднинг бош режаси Samarkand City қурилишини кўзда тутади

Самарқанднинг бош режаси Samarkand City қурилишини кўзда тутади

Самарқанд бош режаси «ТошкентбошпланЛИТИ» мутахассислари ҳамда Хитойнинг China Construction Engineering Design Group Corp. Ltd. компанияси мутахассислари томонидан ишлаб чиқилди. Бу ҳақда “Самаркандский вестник” вилоят бош архитекторига таянган ҳолда хабар беради.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ 2040 йилга мўлжалланган Самарқанд шаҳрининг бош режаси тасдиқланиш учун Вазирлар Маҳкамасига юборилгани ҳақида хабар берилганди. Шу йил июль-август ойларида барча муҳокамалардан сўнг бош режа жамоатчилик учун сайтларга жойлаштирилади, деб ёзади нашр.

Бош режада Самарқанд шаҳрини Самарқанд, Тойлоқ, Пастдарғом ва Оқдарё туманлари ҳудудларининг бир қисмини қўшиш ҳисобидан кенгайтириш кўзда тутилган. Шунингдек Samarkand City туристик зонасини яратиш, ушбу зона ҳудудида 2022 йилда Самарқандда ўтказиладиган Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг саммити учун хизмат кўрсатиш объектларини қуриш ҳам режалаштирилган.

2018 йил март ойида Ўзбекистон Президенти Samarkand City қурилиши 2019 йил охирида якунланишини қайд этганди.

«Янги бош режани ишлаб чиқишда табиатни, тарихий обидаларни, шаҳар инфратузилмасини сақлаш ва самарқандликларнинг турмуш шароитларини яхшилаш бўйича конкрет вазифалар қўйилди», – дейди вилоят бош архитектори Сайфиддин Нарзиқулов.

Тарихий ёдгорликларни муҳофаза қилиш уларнинг ҳудудини ва қурилиш майдончаларини чегаралаш йўли билан амалга оширилади. Маъмурий бинолар эски шаҳар ташқарисига, Пастдарғом ва Самарқанд туманлари ҳудудларига олиб чиқилади.

Instagram саҳифамизга обуна бўлинг
 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.