Санитария-эпидемиологик хизмат бошлиғининг ўринбосари жамоат транспортида қўлқоплар кийиш борасида ўз фикрини айтди
Республика махсус комиссиясининг аъзоси, санитария-эпидемиологик хизмат бошлиғининг ўринбосари Нурмат Отабеков қўлқопларда юриш қоидаларининг жорий этилиши коронавирусга қарши курашиш бўйича махсус комиссия томонидан қўллаб-қувватланганини билдирди. Бу ҳақда Kun.uz ёзади.
«Коронавирус инфекцияси тарқалиши бошланган пайтдан бугунги кунга қадар даволаш-профилактика тадбирлари такомиллашишда давом этмоқда. Ушбу ташаббусни Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳам, Махсус комиссия ҳам қўллаб-қувватламоқда. Бу ўз самарасини беряпти. Ҳар қандай ҳолатда ҳам, бу унчалик жиддий бўлмаса-да, шу тарзда биз эпидемиологик вазиятни нормаллаштиришимиз мумкин» – деди у.
Нурмат Отабековнинг сўзларига кўра, агар чет давлатларда автобус тўлган бўлса, унда одамлар кейингисини кутади, Ўзбекистонда эа аксинча.
«Шу нутаи назардан мутахассис сифатида вазирликнинг ушбу ташаббусини қўллаб-қувватлайман. Масаланинг формал томони эса ҳал этилади. Мувофиқлаштириш жараёнида босқичларнинг ўзгаришига ҳам аниқлик киритиш мумкин. Аммо умуман олганда, бу тўғри ташаббус» – дейди Махсус комиссия аъзоси.
Kun.uz нашри қўлқоплар ҳақидаги қарор нима сабабга кўра Адлия вазирлигида рўйхатдан ўтказилмагани ҳақида сўраганида, қуйидаги жавобни олди:
«Бу ташаббус аввал бошидан кимдан чиққанига эътибор қаратишларини истамайман», – дея қайд этди у.
Бу орада «Тошшаҳартрансхизмат» АЖ бир марта ишлатиладиган қўлқопларни харид қилиш ҳақидаги музокаралар иккита компания – Poliplast Dizayn МЧЖ ва Biznes Tech Mir МЧЖ билан ўтказилганини қайд этди.
Музокаралар якунларига кўра Poliplast Dizayn МЧЖ бир жуфт қўлқоп учун 56 сўм, Biznes Tech Mir МЧЖ эса 70 сўм миқдорида нарх таклиф қилгани маълум бўлди. Охир-оқибатда «Тошшаҳартрансхизмат» АЖ Poliplast Dizayn компанияси билан шартнома имзолаган.
Юридик шахслар реестрининг маълумотларига кўра, Poliplast Dizayn компаниясининг устав жамғармаси 6,3 млн сўмни ташкил қилади. Компаниянинг асосий фаолияти – маҳсулотлар учун пластик ўрамларни ишлаб чиқариш.
Шарҳлар