Сардоба сув омборини тиклаш билан шуғулланадиган компания тендер орқали танланади

Сардоба сув омборидаги тўғонни таъмирлаш ишлари билан «ТўпалангсувГЭСқурилиш» ва “Ўзбекистон темир йўллари” компанияси шуғулланмоқда. Бу ҳақда 1 март куни ўтказилган матбуот анжуманида Ўзбекистон қурилиш вазири Ботир Зокиров маълум қилди, деб ёзади “Газета” нашри.
 
«Вазирлар Маҳкамасининг таклифи билан қарор ишлаб чиқилди. Унга кўра, тўғонни таъмирлаш ва у кўрган зарарни қоплаш ишлари «ТўпалангсувГЭСқурилиш» ташкилотига ва “Ўзбекистон темир йўллари”га юкланган. Улар ишларни лойиҳа асосида ва ўз ҳисобидан амалга оширмоқда. Давлат бюджетидан ҳеч нима сарфланмаяпти», —деб ёзади “Дарё” нашри вазирнинг сўзларидан иқтибос келтирган ҳолда.

Унинг айтишича, сув омборини реконструкция қилиш билан боғлиқ лойиҳа ҳужжатлари халқаро экспертиза ўтказилганидан кейин тендерга қўйилади.

«Тендер шаффофлик асосида ўтказилади. Унда ким ғолиб чиқишини вақт кўрсатади. Олдиндан бир нима дейиш қийин. Шунингдек, реконструкция бошланадиган сана ҳам номаълум. Чунки тўғонни тиклаш ишлари анча вақтни олади, энди шошилиб бўлмайди», — дея таъкидлаган Ботир Зокиров.

Сув хўжалиги вазири Шавкат Ҳамроев тендерда «ТўпалангсувГЭСқурилиш» ташкилоти қатнашиши ёки қатнашмаслигини билмаслигини билдирди.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.