Сардоба сув омборининг аудитида қозоғистонлик экспертлар ҳам қатнашади
Сардоба сув омборининг техник аудитини ўтказишга халқаро ва қозоғистонлик экспертлар жалб этилади. Бу ҳақда Қозоғистон экология, геология ва табиий ресурслар бўйича бош вазир ўринбосари Ахметжан Примқулов маълум қилди, дея хабар беради zakon.kz.
14 май куни Примқулов Чимкентда Ўзбекистон сув хўжалиги вазири билан учрашув ўтказган.
«Биз Сардоба сув омбори бўйича техник аудит халқаро ва қозоғистонлик эксперьлар иштирокида ўтказилади деган қарорга келдик. Аудит натижалари бўйича ушбу иншоотнинг кейинги тақдири ҳақида қарор чиқарилади», – дейди Примқулов.
Аввал хабар берганимиздай, шу йилнинг 1 май куни соат 05:10 да Ўзбекистоннинг Сирдарё вилоятида жойлашган Сардоба сув омбори дамбасининг қуйи қисми ўпирилиши натижасида катта сув массаси оқиб кетган. Бунинг натижасида нафақат Ўзбекистондаги, балки Қозоғистоннинг Туркистон вилоятидаги аҳоли пунктлари ҳам жабрланган.
Шарҳлар