Сенат Миллий гвардия, Солиқ кодекси ва Давлат божи тўғрисидаги қонунларни маъқуллади
Олий Мажлис Сенатининг 25-ялпи мажлисида учта қонун маъқулланди. Бу ҳақда юқори палата матбуот хизмати хабар беради. “Ўзбекистон Республикасининг Солиқ кодексига ўзгартиш ва кўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонун Солиқ кодексини янги таҳрирда қабул қилишни кўзда тутади.
Қонун иқтисодиётга тушадиган солиқ юкини камайтиришга, шунингдек солиқ солишнинг соддалаштирилган ва умумбелгиланган тизими бўйича солиқлар тўлайдиган хўжалик юритувчи субъектлар ўртасида солиқ юки даражасидаги тафовутларни бартараф этишга қаратилган. Шунингдек солиқларни унификациялаш, шунингдек ўхшаш солиқ солиш базасига эга солиқларни бирлаштириш орқали улар сонини мақбуллаштириш, солиқ ҳисоботларини камайтириш ва соддалаштириш, операция харажатларини камайтириш назарда тутилмоқда.
Сенаторлар “Давлат божи тўғрисида”ги қонунни маъқуллади. Қонунга кўра давлат божи юридик аҳамиятга молик ҳаракатларни амалга оширганлик ва (ёки) бундай ҳаракатлар учун ваколатли муассасалар ва (ёки) мансабдор шахслар томонидан ҳужжатлар берганлик учун ундириладиган мажбурий тўловдир. Ўзбекистон Республикаси консуллик муассасалари томонидан консуллик ҳаракатларини амалга оширганлик учун тўланадиган консуллик йиғими, ихтироларга, фойдали моделларга, саноат намуналарига, селекция ютуқларига, товар белгиларига, хизмат кўрсатиш белгиларига, товар келиб чиққан жой номларига, интеграл микросхемалар топологияларига ҳуқуқий муҳофаза бериш билан боғлиқ юридик аҳамиятга молик ҳаракатларни амалга оширганлик учун тўланадиган патент божи давлат божи турлари жумласига киради.
Шунингдек Сенат “Миллий гвардия тўғрисида”ги қонунни ҳам маъқуллади. Жамоат тартиби ва хавфсизлиги, шу жумладан, оммавий тадбирлар, митинглар, йиғилишлар, намойишлар ўтказилаётганда ҳамда фуқаролар гавжум бўладиган жойларда жамоат тартиби ва хавфсизлигини таъминлашда, шунингдек табиий ва техноген хусусиятга эга фавқулодда ҳодисаларни бартараф этишда ҳамда ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, уларни аниқлаш ва уларга чек қўйиш мақсадида жамоат жойларида патруллик қилишда иштирок этиш Миллий гвардиянинг асосий вазифалари сифатида кўрсатилмоқда.
Шарҳлар