Сенатда артист Воҳиджон Исоқовнинг тўйи қораланди

Сенатда артист Воҳиджон Исоқовнинг тўйи қораланди

Артист Воҳиджон Исоқов Tashkent City мажмуасида тўй ўтказган, фотосуратлар ва видеода қайд этилган меҳмонлар сони 50 кишидан ошган. Тошкент шаҳар ИИББ тарқатган хабарга кўра, ушбу ҳолат юзасидан Воҳиджон Исоқов ЎзР Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 54-моддаси бўйича жаримага тортилган. Унга 5 базавий ҳисоб миқдорида (1,15 млн сўм) жарима тайинланган.

Сенатдагиларнинг қайд этишича, Маданият вазирлигига сенаторлик сўрови юборилган бўлиб, ҳозир ушбу масала Сенатнинг ёшлар, маданият ва спорт масалалари бўйича қўмитасининг назоратига олинган.

«Табриклаш учун келган ўндан ортиқ санъаткорларимиз ҳамда юзга яқин меҳмонларнинг ижтимоий масофа сақлаш, ниқоб тақиш нима эканлиги ёдларидан ҳам чиқиб кетганлигини тарқалган видео ва фотолардан яққол кўриниб турибди», – дея қайд этади қўмита раиси Бахтиёр Сайфуллаев.

“Бундай хатти-ҳаракатлар “тартиб қоидаларга зид равишда мана шундай тўй ўтказиб, белгиланган жаримани тўлаб кетиш билан осонгина қутулиш мумкин” деган нотўғри хулосалар шаклланшига сабаб бўлиши ёмон”.

Сайфуллаевнинг қайд этишича, «халқ кўз ўнгида юрган, санъат оламига дахлдор одам бошқалардан кўра маданиятлироқ бўлиши, керак бўлса, жамиятидаги хайрли ишлар ва янгиликларни амалга оширишга кўпроқ ҳисса қўшиб, ёшларга ўрнак кўрсатиши керак».    

«Бу каби кўра-била туриб тартиб-қоидани менсимай бузганлар фақатгина маълум бир миқдорда жарима тўлаш билан қутулиши етарли эмасдек, назаримда. Жамият қоидаларига, инсонлар ҳаётига бунчалар беписандалик билан қараш кўринмас душман билан олишиб жонларини фидо қилган юзлаб шифокору-ҳарбийларимиз, юртдошларимиз хотираси ва меҳнатларига нисбатан ҳам ҳурматсизлик деб баҳолашга лойиқ», – дея хулоса қилади у.
 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.