Сенаторлар доимий прописка тўғрисидаги қонунни маъқуллади

Сенаторлар доимий прописка тўғрисидаги қонунни маъқуллади

Сенаторлар тўртинчи ялпи мажлисда “Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида доимий прописка қилиниши лозим бўлган шахслар – Ўзбекистон Республикаси фуқаролари тоифаларининг рўйхати тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунини маъқуллади.
 
Мазкур Қонунда тизимни ислоҳ қилишга қаратилган янгиликлар назарда тутилмоқда. Хусусан, “доимий прописка” сўзлари “яшаш жойи бўйича рўйхатга олиш” сўзларига алмаштирилмоқда. Бундан ташқари, фуқароларга нафақат биринчи ва иккинчи даражадаги қариндошлари яшаб турган манзилга, балки уларнинг эгалигида бўлган бошқа манзилдаги уй-жой майдонига ҳам доимий рўйхатга туриш имконияти яратилмоқда. Қолаверса, эр-хотиннинг никоҳдан кейин бир йил давомида биргаликда яшаш шарти ва бир йил ичида никоҳ бекор қилинган тақдирда пропискани йўқотиш бўйича қоидалар бекор қилинмоқда.

Давлат ҳокимияти органларида, давлат ва хўжалик бошқаруви органларида ҳамда бошқа давлат ташкилотларида узлуксиз беш йил ва ундан ортиқ бўлган давр мобайнида меҳнат фаолиятини олиб бораётган ходимлар (техник, хизмат кўрсатувчи ва ишлаб чиқариш ходимларидан ташқари) тегишли орган ёки ташкилот раҳбарининг маълумотномасига кўра, шунингдек, уларнинг оила аъзоларига доимий рўйхатга туриш бўйича янги банд киритилмоқда.
 
Қонун кучга кириши учун уни Ўзбекистон президенти имзолаши лозим.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.