Сенаторлар геном бўйича давлат рўйхатига олиш тўғрисидаги қонунни маъқуллади

Сенаторлар геном бўйича давлат рўйхатига олиш тўғрисидаги қонунни маъқуллади

Сенатнинг тўққизинчи ялпи мажлисида сенаторлар “Геном бўйича давлат рўйхатига олиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунини маъқуллади, дея хабар беради юқори палата матбуот хизмати.
 
Хабарда қайд этилишича, ҳозирда содир этилаётган оғир ва ўта оғир турдаги жиноятлар тўлиқ фош этилиши ва жазо муқаррарлигини таъминлашни талаб этади. Бунда жиноятчилар томонидан ҳодиса жойларида ўз изларини қолдирмаслик мақсадида турли хил усуллардан фойдаланилмоқда.
 
«Фош этилмаган жиноятлар эса ўз навбатида жиноятчиларга жазоланмаслик ҳиссини кучайтириб, келгуси жиноий фаолиятини давом эттиришга имкон бермоқда.  Шу боис мазкур Қонуннинг қабул қилиниши билан Геном ахбороти маълумотлар базаси ёрдамида жиноятларни очиш механизмининг жорий этилиши мураккаб ва ўта оғир ва очилмаган жиноятларнинг очилишига имкон яратади».

Геном ахборотининг ягона маълумотлар базаси яратилиши ўз навбатида бедарак йўқолган шахсларни топиш ва топилган мурдаларнинг шахсини аниқлашда уларнинг яқин қариндошлари билан идентификация қилиш имконини яратади.

Шунингдек, қонун билан биологик материал, геном бўйича давлат рўйхатига олиш, геномга оид ахборот ва унга ишлов бериш, геномга оид ахборотнинг ягона маълумотлар базаси, одам ДНКсининг суд-биологик экспертизаси шахснинг биологик қариндошлари каби қатор тушунчаларга аниқлик киритилмоқда. Қонунчиликка “Шахснинг биологик қариндошлари” деган янги тушунча ҳам кириб келди.
 
Геномга оид ахборотларнинг ягона маълумотлар базасини юритишни амалга оширувчи ваколатли давлат органи – Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ҳисобланади. Геномга оид ахборот инсонга тегишли бўлган ўта нозик ва муҳим бўлган конфеденциал ахборот бўлгани боис унинг бут сақланиши ва махфийлигини таъминлайди.

Бундан ташқари, Қонунга мувофиқ Геном бўйича давлат рўйхатига олиш мажбурий ва ихтиёрий равишда амалга оширилади.

Мажбурий – оғир ва ўта оғир жиноятларни содир этишда гумон қилинувчи, айбланувчи сифатида жалб қилинган, оғир ва ўта оғир жиноятларни содир этганлик учун ҳукм қилинган шахслар, шунингдек, жинсий эркинликка қарши жиноятлар, ўн олти ёшга тўлмаган шахс билан жинсий алоқа қилиш ва ўн олти ёшга тўлмаган шахсга нисбатан уятсиз-бузуқ ҳаракатлар қилиш билан боғлиқ жиноятларни содир этганлик учун ҳукм қилинган шахслар.

Шунингдек, шахси аниқланмаган шахсларнинг терговга қадар текширув, суриштирув, дастлабки тергов ва суд жараёнида олинган биологик материаллари, таниб олинмаган мурдалар (тана қолдиқлар, қисмлари) ҳам мажбурий равишда амалга оширилади.

Ихтиёрий – Геном бўйича давлат рўйхатига олиш Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг, чет эл фуқароларининг ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг ёзма аризаларига кўра пулли асосда амалга оширилади.

Бундан ташқари, бедарак йўқолган шахсларни қидиришга кўмаклашиш мақсадида уларнинг биологик қариндошлари бепул асосда геном бўйича ихтиёрий равишда давлат рўйхатига олишдан ўтиши мумкин.  
 
Шунингдек, Геном бўйича давлат рўйхатига олинган ахборотдан:

– жиноятларнинг олдини олиш, уларни очиш ва тергов қилиш, шунингдек, уларни содир этган шахсларни фош этиш ва аниқлаш;
– бедарак йўқолган шахсларни қидириш;
– таниб олинмаган мурдаларнинг (тана қолдиқларининг, қисмларининг) шахсини аниқлаш;
– биологик қариндошликни аниқлаш мақсадида фойдаланилади.

Бу эса халқаро ҳуқуқ нормаларига тўла жавоб берадиган қонунийлик, инсонпарварлик, махфийлик принципларига амал қилинишини таъминлайди.

Яна бир жиҳат. Биологик материал ва Геномга оид ахборотни сақлаш муддатлари  ва йўқ қилиб ташлашнинг тартиблари белгиланмоқда.

Қонун 2023 йил 1 январдан эътиборан кучга киради.
 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.