Сенаторлар президентлик сайловлари санасини кўчириш ҳақидаги қонунни маъқуллади

Олий Мажлис Сенатининг ўн иккинчи ялпи мажлисида “Сайлов қонунчилиги такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонун муҳокама қилинди. Киритиладиган ўзгаришларга мувофиқ, президентлик сайловларини октябрь ойида ўтказиш таклиф этилмоқда. Бу ҳақда юқори палата хабарида сўз боради.

Қонун билан қатор ўзгаришлар киритилмоқда.

Жумладан, миллий экспертлар тавсиялари асосида ишлаб чиқилган таклифлари асосида халқ депутатлари туман (шаҳар) Кенгашларига сайлов ўтказувчи округ сайлов комиссиялари институти тугатилмоқда ва уларнинг ваколатлари туман (шаҳар) сайлов комиссиялари зиммасига юкланмоқда. Шунингдек, хорижда истиқомат қилаётган Ўзбекистон фуқароларини дипломатик ваколатхоналарнинг консуллик ҳисобида бўлиши ёки бўлмаслигидан қатъи назар сайловчилар рўйхатига киритиш тартиби, чет давлатларда сайловчилар яшаётган ёки ишлаётган жойида кўчма қутиларда овоз беришнинг ҳуқуқий асослари яратилмоқда;

Бундан ташқари, қамоқда сақлаш ва озодликдан маҳрум этиш жойларида, ҳарбий қисмларда ташкил этилган сайлов участкаларини кузатувчилар ўз ташрифи ҳақида камида 3 кун олдин хабардор қилиш тартиби белгиланмоқда.

Сайлов комиссияларининг номзодларнинг сайловчилар билан учрашувларини ташкил этишга оид вазифаси чиқариб ташланмоқда.

Сайловолди ташвиқоти даврида давлат ресурсларидан фойдаланиш тақиқланмоқда.

Сайлов натижаларини эълон қилиш муддатларининг асоссиз чўзилишининг олдини олиш мақсадида сайлов комиссиялари қарорлари устидан шикоят муддати 10 кундан 5 кунга қадар қисқартирилмоқда.

Сиёсий партияларнинг сайловолди ташвиқоти учун ажратилган маблағлардан фойдаланишнинг шаффофлигини таъминлаш мақсадида улар томонидан сайловдан олдин оралиқ ва сайловдан сўнг якуний молиявий ҳисоботларни, шунингдек Ҳисоб палатасининг партиялар фаолиятини текшириш натижаларини эълон қилиш тартиби жорий этилмоқда.

Сенаторларнинг фикрича, Қонуннинг қабул қилиниши умумэътироф этилган халқаро сайлов стандартлари асосида сайлов қонунчилигини янада такомиллаштиради, сайлов жараёнларининг янада очиқ ва ошкора ўтиши, Ўзбекистоннинг жаҳон мамлакатлари демократия индексидаги кўрсаткичлари яхшиланишига эришилади. 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.