Сенаторлар қатор қонунларни маъқуллади, биттаси рад этилди

Сенаторлар қатор қонунларни маъқуллади

Олий Мажлис сенаторлари жума куни ўтказилган иккинчи ялпи мажлисда “Халқаро тижорат арбитражи тўғрисида”ги қонунни рад этди. Бу ҳақда  Norma.uz хабар беради.

Сенаторларнинг таъкидлашича, қонунда қатор концептуал камчиликлар мавжуд бўлиб, уни қайтадан жиддий кўриб чиқиш керак.

Шу билан бирга, “Ўзбекистон Республикаси фуқаролиги тўғрисида”, “Метрология тўғрисида”, “Аҳолини рўйхатга олиш тўғрисида”ги қонунлар маъқулланди. 
Юқори палата аъзолари томонидан “Бола ҳуқуқларининг қўшимча кафолатлари белгиланиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун муҳокама қилинди.

Муҳокама якунларига кўра, Оила кодексига киритилаётган қўшимчаларда оилада боланинг манфаатларига тааллуқли ҳар қандай масала ҳал қилинаётганда бола ўз фикрини ифода қилишга, шунингдек ҳар қандай суд муҳокамаси ёки маъмурий муҳокама даврида сўзлашга ҳақли эканлиги назарда тутилмоқда. Бунда қарор қабул қилишга ваколатли бўлган органлар ва мансабдор шахслар боланинг манфаатларига тааллуқли масалаларни ҳал қилишда боланинг фикрини, унинг ёшидан қатъи назар, кўриб чиқиши ҳамда боланинг энг устун манфаатларидан келиб чиққан ҳолда қарорлар қабул қилиши керак. Ота-она ва бола алоҳида-алоҳида яшаган тақдирда, васийлик ва ҳомийлик органлари, шунингдек ўн тўрт ёшга тўлган бола бир вақтнинг ўзида ота ва онадан вояга етмаган болаларнинг таъминоти учун алимент ундириш тўғрисида даъво қўзғатишга ҳақли.

Шунингдек, “Бола ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида”ги Қонунга ўзгартишлар киритилиб, унга кўра боланинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари бузилганда, шу жумладан ота-она (улардан бири) ёки ота-онанинг ўрнини босувчи шахслар болага таъминот, тарбия ва таълим бериш бўйича мажбуриятларини бажармаганда ёки лозим даражада бажармаганда ёхуд ота-оналик ҳуқуқларини суиистеъмол қилганда бола ўз ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари ҳимоя қилинишини сўраб васийлик ва ҳомийлик органига, шунингдек бошқа давлат органларига мустақил равишда мурожаат қилишга ҳақли. Бундай мурожаатларни бола тўлиқ муомала лаёқатига эга бўлмаганлиги сабабли кўриб чиқмасдан қолдиришга йўл қўйилмайди.
 
Бундан ташқари, “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги Қонун янги модда билан тўлдирилмоқда. Унга мувофиқ вояга етмаган шахслар ўз ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларига риоя этилиши масалалари юзасидан давлат органларига, ташкилотларга ёки уларнинг мансабдор шахсларига ушбу Қонунда белгиланган тартибда мустақил равишда мурожаат беришга ҳақли.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.