Шаҳар архитектори: Жиззахда қулаб тушган кўп қаватли уй ўрнида олти қаватли эмас, уч қаватли уй қурилиши режалаштирилганди

10 январь куни кечқурун Жиззах марказида қурилаётган олти қаватли тураржой биносининг бир қисми қулаб тушди. Жиззах шаҳар ҳокимининг ўринбосари Рустам Хусанов Zo’r TV каналининг  "Bu kun” дастурига берган интервьюсида қурилиш жараёнида қурилиш нормаларига амал қилинмаган бўлиши мумкинлигини тахмин қилди. Бу ҳақда “Газета” нашри ёзади.
 
Жиззах шаҳри бош архитектори Воҳиджон Мирзаев «Замон» ахборот дастурига берган интервьюсида 6 қаватли бино қуришга рухсат берилмаганини айтмоқда. 

«Тасдиқланган лойиҳага асосан уч қаватли қилиб белгиланган, ҳозирги ҳолати эса 6 қаватли қурилган. Юқори қаватда ҳақиқатдан ҳам жуда оғир конструкциялардан фойдаланиб, пастки қаватларига зарар етказган. Ҳозир тегишли мутахассислар ўрганаяпти. Бинони конструктив ҳолатига қараб кейинги хулосалар берилади. Лекин 6 қаватли қилиб тасдиқланмаган. Орқа тарафдаги бинолар эса ўтмаган тасдиқдан. Ташқи тарафи ўзбошимчалик билан қурилган. Ноқонуний қурилиш ҳисобланади, орқа қаватларига рухсат берилмаган», — дейди у.

Таъкидланишича, қурилишнинг бюртмачиси ҳам, пудратчиси унинг эгаси яъни — Barakali Qorako’l Chorvador фермер хўжалигининг ўзи бўлган.   

Жиззах шаҳар Фавқулодда вазиятлар бўлими бошлиғи ўринбосари Мунир Жуманов орқадаги бино қулаши хавфи мавжудлиги боис фавқулодда ҳолатларда одамларнинг ҳаётига хавф етмаслиги учун ҳозирда мазкур бино атрофида ҳаракат чеклангани ва ўраб қўйилганини маълум қилади.

Вазирлар Маҳкамасининг матбуот хизмати “Газета” нашрига хабар беришича, бош вазирнинг биринчи ўринбосари Очилбой Раматов бошчилигидаги Ҳукумат комиссияси 12 январь куни Жиззах вилояти ҳокимлиги биносида йиғилиш ўтказиши режалаштирилган. Унда комиссия Жиззах шаҳрида қурилаётган кўп қаватли турар-жой биносининг қулаши сабабларини ўрганиш ҳамда келгусида шу каби ҳолатларнинг олдини олиш масалаларини кўриб чиқади.
 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.