Шарқшунослик институти ислоҳ қилинади
Тошкент давлат шарқшунослик институти базасида Тошкент давлат шарқшунослик университети ташкил қилинади. Бу ҳақда Президент қарорида сўз боради.
Университет ҳузурида эса Шарқ маданияти ва меросини тадқиқ этиш илмий-тадқиқот маркази ҳамда Шарқ мамлакатларининг ривожланишини тадқиқ этиш илмий-таҳлил маркази очилади.
2020/2021 ўқув йилидан бошлаб:
· университет таълим стандартларини ишлаб чиқиш, малакавий талаблар, ўқув режалари ва дастурларини, илғор халқаро тажрибани ҳисобга олган ҳолда талабаларнинг билимини баҳолаш ҳамда ўқув жараёнининг амалиёт билан интеграциялашувини таъминлаш тизимини ишлаб чиқишга ҳақли;
· таълим жараёнига босқичма-босқич кредит-модуль тизими жорий этилади;
· хорижий таълим муассасалари билан ҳамкорликда ташкил этиладиган қўшма таълим дастурларининг ўқув режалари ва фан дастурлари университет томонидан хорижий ҳамкорлар билан келишилган ҳолда мустақил тасдиқланади;
· шарқ тиллари ўқитиладиган таълим муассасалари ўқитувчилари учун доимий фаолият юритувчи қайта тайёрлаш ва малака ошириш курслари ташкил этилади. Курслардан муваффақиятли ўтган педагог ходимларга сертификат берилади;
· университет ўзини ўзи молиялаштиришга ўтаётгани муносабати билан қатор чора-тадбирлар, айниқса илмий фаолият натижаларини тижоратлаштириш бўйича чоралар амалга оширилади.
Ўқишга қабул қилиш тартиби ҳам ўзгаради: 2020/2021 ўқув йилидан бошлаб шарқ тилларидан (турк, араб, форс, дари, ҳинд, урду, хитой, корейс, уйғур, япон тиллари) топшириладиган кўп балли тизим бўйича имтиҳонлар ўрнига тест синовлари топширилади.
2021/2022 ўқув йилидан бошлаб ушбу амалиёт бошқа тиллар (испан, итальян, тожик, қозоқ, туркман, қирғиз тиллари ва бошқалар) бўйича мамлакатимиздаги барча олий ўқув юртларига ўқишга қабул қилишда татбиқ этилади.
Шарҳлар