Шавкат Мирзиёев ички ишлар тизимида бюрократияни қисқартиришни топширди
Президент Шавкат Мирзиёев 12 февраль куни Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ҳайъатининг кенгайтирилган йиғилишида иштирок этди.
Ички ишлар идораларининг барча бўғинида қоғозбозлик ва бюрократияни кескин камайтириб, иш юритишни рақамлаштириш вазифаси қўйилди. Шу мақсадда Ички ишлар вазирлигида ахборот технологиялари бўйича алоҳида вазир ўринбосари лавозими жорий этилгани маълум қилинди.
– Ҳуқуқ-тартибот идораларига ҳамма шароитларни яратиб, энг замонавий техникаларни олиб бердик. Катта ваколат, куч ва воситалар бор. Лекин натижа кутилганидек эмас. Органлар якдил бўлиб, вертикал бошқарувни тўғри ташкил эта олмаяпти. Уларнинг ишидан халқимиз норози, – дейди Шавкат Мирзиёев.
Соҳа учун профессионал кадрлар тайёрлашни янги босқичга кўтариш, профилактика инспекторлари ва терговчиларнинг билимини ошириш бўйича топшириқлар берилди.
– Қайси ҳоким профилактика инспекторини қабул қилиб, гаплашди? Унинг бир кунлик ишини, оилавий шароитларини ўрганди? Ҳамма "каттакон" участка нозирига буйруқ беради. У ҳамма нарса билан шуғулланяпти, кўп вақт йўқотяпти, асосий иши қолиб кетяпти. Ўзи энг катта меҳнаткаш – профилактика инспектори. Агар унга шароит яратсак, у давлатдан рози бўлиб ишласа, кўп масалалар ҳал бўлади, – дея қайд этади президент.
Жорий йилда барча ички ишлар ходимлари иш ҳақи 30 фоизга, жамоат хавфсизлигини таъминлашга бевосита жалб этилган, содда қилиб айтганда, маҳаллада хизмат ўтовчи ходимлар иш ҳақи эса 60 фоизга оширилади.
Шарҳлар