Шавкат Мирзиёев ИҲТ саммитида нутқ сўзлади
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 4 март куни Иқтисодий ҳамкорлик ташкилотининг (ИҲТ) видеоанжуман шаклида ўтган 14-саммити ишида иштирок этди, унда давлат раҳбари қатор ташаббусларни илгари сурди.
Президент ўзаро савдо ва инвестицияларни кўпайтириш мақсадида карантин чора-тадбирлари доирасида ўрнатилган савдо, транспортга доир чеклов ва тўсиқларни бекор қилиш мақсадга мувофиқ эканини қайд этди. Бундан ташқари, савдони рақамлаштириш ва электрон тижоратни ривожлантириш борасидаги ечимларни кенг жорий этиш ҳамда савдо бўйича минтақавий битимни тез фурсатда қабул қилиш таклиф этилди.
Шавкат Мирзиёев БМТ Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти билан биргаликда озиқ-овқат хавфсизлиги бўйича дастурни ишлаб чиқишни ҳамда уни жорий йил мамлакатимизда ўтказилиши режалаштирилган ИҲТ давлатлари қишлоқ хўжалиги вазирларининг навбатдаги учрашувида тақдим этишни таклиф қилди.
Энергетика ҳақида сўз юритар экан, Ўзбекистон Президенти соҳага, биринчи навбатда қайта тикланувчи энергетикага илғор технологик ечимлар ва инвестицияларни жалб қилиш мақсадида ўрта муддатли стратегияни ишлаб чиқиш ва қабул қилиш ташаббусини илгари сурди.
Шарҳлар