Шавкат Мирзиёев Инвестицион жамғармани ва Туркий кенгашни ривожлантириш банкини таъсис қилишни таклиф этди

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 31 март куни Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгашининг видеоанжуман шаклида ўтган норасмий саммитида иштирок этди, деб ёзади давлат раҳбарининг матбуот хизмати.

Шавкат Мирзиёев Туркий кенгаш доирасида Инвестиция жамғармаси ва Тараққиёт банкини ташкил этишни таклиф қилди ва уларни ишга тушириш бўйича амалий ишларни жадаллаштириш зарурлиги таъкидлади.
 
Ўзбекистон раҳбари Озарбажой президенти ва Озарбайжон халқини “Тоғли Қорабоғ ҳудудларининг қайтарилиши ва тарихий адолат қарор топгани” билан табриклади. 

«Ўзбекистон Тоғли Қорабоғ заминидаги кўҳна обидалар, маданият ва маърифат масканларини тиклаш ишларига ҳисса қўшишга тайёр эканини билдирамиз», – деди у. 


Фотосурат: Ўзбекистон президентининг матбуот хизмати

Ўзбекистон президенти “Туркий дунё нигоҳи – 2040” концептуал ҳужжат асосида ҳамда ҳозирги ва пандемиядан кейинги вазиятни инобатга олган ҳолда аъзо давлатларга хос, яқин ва ўрта истиқболга мўлжалланган иқтисодий ҳамкорлик стратегиясини тайёрлашни таклиф қилди.
 
Шавкат Мирзиёев Туркий кенгашга аъзо мамлакатлардаги [Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Туркманистон, Туркия, Озарбайжон – муҳ.] муқаддас қадамжолар бўйлаб “Табаррук зиёрат” лойиҳасини амалга ошириш, шу мақсадда Зиёрат туризмини ривожлантириш дастурини қабул қилиш ташаббусини ҳам билдирди.
 
“Биз “Туркий дунёнинг маданий пойтахти” мақомини олган Хива шаҳрида сентябрь ойида ЮНЕСКО билан ҳамкорликда “Марказий Осиё жаҳон цивилизациялари чорраҳасида” мавзусида халқаро форум ўтказиш ниятидамиз”, – деди президент.

Шавкат Мирзиёев Кенгаш аъзолари бўлган давлатлар етакчиларини Туркий кенгаш халқаро мукофотига Алишер Навоий номи берилгани учун миннатдорчилик билдирди.

«Биз буни барча туркий халқларнинг фахру ифтихори бўлган, улуғ зот – Алишер Навоийга юксак эҳтиром ифодаси, деб қабул қиламиз. Бу нуфузли мукофотнинг таъсис этилиши туркий бирлик руҳини мустаҳкамлашга хизмат қилиши шубҳасиз», – дея хулоса қилади президент. 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.