Швейцария ва Ўзбекистон Гулнора Каримованинг мусодара қилинган активларини қайтариш ҳақида келишиб олди

Швейцария ва Ўзбекистон Гулнора Каримованинг мусодара қилинган активларини қайтариш ҳақида келишиб олди

Швейцарияда Гулнора Каримовага нисбатан очилган жиноий иш бўйича мусодара қилинган пул маблағларини Ўзбекистонга қайтариш шартлари бўйича мамлакат ҳукуматлари келишувга эришишди. Бу ҳақда Газета.uz нашри Швейцария ҳуукматининг баёнотига таянган ҳолда хабар беради.

Иккитомонлама келишувга кўра, биринчи президентнинг қизи Гулнора Каримованинг Швейцариядаги ҳисобларидан олинган 131 млн долларлик маблағ Ўзбекистонга қайтарилади.

Келишувда маблағларни реституция қилишнинг асосий тамойиллари ҳам белгиланган. Жумладан, Ўзбекистондан пул маблағларини қайтариш жараёнининг шаффоф ўтиши ва ҳисобдорлик бўлишини таъминлаш, активларни «халқ ҳаётини яхшилаш»га йўналтириш, маблағларни барқарор ривожланишни қўллаб-қувватловчи лойиҳаларга инвестиция қилиш ва мониторинг механизмини яратиш талаб этилади.

650 млн Швейцария франки (715 млн доллар) маблағга тенг активлар Гулнора Каримовага нисбатан давом этаётган жиноят иши доирасида музлатилганлигича қолмоқда. Ушбу маблағлар ҳам қайтарилса, уларга ҳам худди шундай реституция талаблари қўйилади. 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.