Сирдарё туманида икки амалдор раққосалар билан видеодан сўнг ишдан бўшади

Ресторанда раққоса қизларга пул қистирган Сирдарё тумани ҳокими ўринбосари ва яна бир амалдор эгаллаб турган лавозимидан озод этилди. Бу ҳақда UzNews нашри ёзади.

Сирдарё вилояти ҳокимлиги Ахборот хизматининг маҳаллий нашрга маълум қилишича, Сирдарё тумани ҳокими қарори билан Сирдарё тумани ҳокимининг саноатни ривожлантириш, капитал қурилиш, коммуникациялар ва коммунал хўжалик масалалари бўйича ўринбосари Нурали Мирзаев Шералиевич ўз аризасига асосан бугун 14 июндан эгаллаб турган лавозимидан озод этилди ва у билан тузилган меҳнат шартномаси бекор қилинган.

Шунингдек, Сирдарё тумани ободонлаштириш бошқармаси бошлиғи Нозим Муратов ҳам ўз аризасига кўра эгаллаб турган лавозимидан озод этилди ва у билан тузилган меҳнат шартномаси бекор қилинган.

“Газета” нашрининг аниқлик киритишича, ҳоким ўринбосари ва ободонлаштириш бошқармасининг раҳбаридан ташқари ресторанда экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасида назорат бўйича туман инспекциясининг бош мутахассиси ҳамда “Сувоқова” ДУК ва туман йўл-эксплуатация корхонасининг раҳбарлари ҳам бўлган. Видеонинг ўзи эса ўтган йил октябрь ойида тасвирга олинган.
 
Ҳокимлик ушбу вазиятга шундай изоҳ беради: «Кўрсатилган одамлар ўтирган хонага ресторанда ишлайдиган шоу-балет раққосалари кирган. Уларга раққосаларнинг тўсатдан пайдо бўлиши ёқмаган. Шу боис раққосаларга пул бериб, улардан зални тарк этишларини сўрашган. Натижада, видеодаги вазият юз берган», — дейилади хабарда.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.