Сирдарё вилоятида сув тошқинидан жабрланганлар 1 сентябргача янги уйларга кўчиб ўтишлари мумкин
Ўзбекистон Президенти 1 май куни Сардоба сув омборидаги дамба ўпирилиши юз берган Сирдарё вилоятига тўртинчи бор ташриф буюрди.
Шавкат Мирзиёвнинг сўзларига кўра, янги уйлар давлат томонидан бепул қуриб-таъмирлаб берилади.
«Одамлар янги кўп қаватли уйларга ва ўзларининг таъмирланган ҳовли-жойларига 1 сентябргача тўлиқ кўчиб ўтиши мумкин бўлади. Шу билан бирга, уйлари зарарланган одамларнинг илгариги ҳовлилари ҳам ўзларида қолади», – дея қайд этади давлат раҳбари.
Президент матбуот хизмати тарқатган хабарга кўра, уйлари яшаш учун мутлақ яроқсиз ҳолатга келган фуқаролар учун Мирзаобод, Сардоба ва Оқолтин туманларида 2640 хонадонли 66 та беш қаватли 3 та тураржой массивини барпо этиш режалаштирилган.
«Сув тошқинидан зарар кўрган 4,5 мингдан зиёд хонадон эгаларининг ҳар бирига Ўзбекистон Республикаси Президентидан 40 миллион сўмлик моддий ёрдам, шунингдек, телевизор, музлатгич, кир ювиш машинаси, минипеч, электр чойнак ва дазмол каби маиший техникалардан иборат совғалар топширилмоқда. Ватандошимиз Алишер Усмонов ажратган 10 миллион доллар хайрия маблағи ҳам шунга йўналтирилган. Сирдарё вилоятига кўмак учун ҳокимликлар, вазирлик ва идоралар, хўжалик бирлашмалари ҳамда тадбиркорлар ҳам ёрдам кўрсатган», – дейилади хабарда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Алишер Усмонов тақдим этган 10 млн доллар маблағ Рамазон ҳайит байрамигача фуқароларнинг карта ҳисобларига ўтказилиши маълум бўлганди. Айни пайтда маблағлар “Маҳалла” жамғармасининг ҳисобрақамида турибди.
Шарҳлар