Сирдарё вилоятида ўгай она 15 ёшли қизга зўравонлик қилганликда гумон қилинмоқда
Ижтимоий тармоқларда Сирдарё вилоятининг Ширин шаҳрида истиқомат қилувчи 15 ёшли Х.А.нинг видеомурожаати тарқалди. Қизнинг сўзларига кўра, у икки йил давомида ўгай онаси Н.З. томонидан жисмоний зўравонлик ва руҳий босим ўтказилган. Вазиятга шаҳар ҳокимлиги изоҳ берди, деб ёзади Gazeta.uz.
Маъмурият маълумотларига кўра, вояга етмаган қизнинг бувиси Р.М. фуқаро Н.З.га нисбатан қонуний чоралар кўриш илтимоси билан шаҳар ИИБга мурожаат қилган.
Ҳокимиятдагиларнинг айтишича, Х.А. ва унинг яқин қариндошлари юқоридаги ҳолатлар бўйича аввал ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига ва маҳаллага мурожаат қилмаган. Хусусан, оиласи билан бирга яшаган қизнинг отаси рафиқаси томонидан қизига нисбатан ёмон муносабатни сезмаган ва шу боис ваколатли тузилмаларга мурожаат қилмаган.
Қизнинг ҳолати борасида у ўқийдиган мактабда ҳам изоҳ беришди. Директор ва унинг маънавият-маърифт ишлари бўйича ўринбосарлари сўзларига кўра, Х.А. билан мунтазам суҳбатлар ўтказилган, аммо ҳеч қандай салбий жиҳатлар кузатилмаган. Мактаб маъмуриятида қайд этишларича, 10-синф ўқувчиси ҳар доим дарсларда фаол ва тенглошлари билан яхши муносабатларда бўлган.
Ўгай онанинг ўзи, фуқаро Н.З., маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш шаҳар бўлими ходимлари билан суҳбатда ўз ҳаракатларини “тарбия чоралари” билан изоҳлаган ва қилган ишларидан афсусда эканини билдирган.
Айни пайтда Ширин шаҳар ИИБ томонидан Н.З.га нисбатан Жиноят кодексининг 129-моддаси (16 ёшга тўлмаган шахсга нисбатан уятсиз-бузуқ ҳаракатлар қилиш) ва 110-моддалари (қийнаш) билан айблов эълон қилиниб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда, дейилади хабарда.
Шарҳлар