Сирдарё вилоятида жиҳодчилар гуруҳи қўлга олинди

 21 январь куни ДХХнинг Сирдарё вилояти бошқармаси ҳамда вилоят ИИБ ходимлари ҳамкорликда ўтказган тезкор тадбир давомида “жиҳодчилар” экстремистик оқимининг яширин гуруҳини қўлга олди. Бу ҳақда Сирдарё вилоят ҳокимлигининг матбуот хизмати хабар беради, деб ёзади UzNews.
 
Маълум қилинишича, мазкур гуруҳнинг 2 нафар етакчиси Россияда мавсумий ишлаши давомида радикал гуруҳлар таъсирига тушиб қолади ва яшаш жойига қайтиб келганларидан сўнг аҳоли орасида ўзларининг бузғунчи ғояларини тарғиб қилади. Улар ижтимоий тармоқлар орқали халқаро террорчилик ташкилотларнинг ғоявий раҳномаларининг маърузаларини тарқатиш билан шуғулланишади. Хусусан, улар Ўзбекистон Олий суди томонидан тақиқланган экстремистик ва террорчилик гуруҳлари аъзоларининг мақолалари ва ҳисоботларини юклаб олишган, сақлашган ва тарқатишган ҳамда Суриядаги қуролли низода қатнашувчи террорчилик гуруҳларини молиялаштиришган.
 
Бундан ташқари, Ушбу жиноий гуруҳ раҳбарлари 2020 йилда Сардоба сув омбори билан боғлиқ сув тошқини оқибатида талафот кўрган масжидларнинг қайта қурилишига моддий кўмак йиғишни айтиб, Telegram мессенжерида ҳайрия гуруҳини очиб, масжидларнинг қайта қурилишига ўз ҳиссасини қўшмоқчи бўлганларни алдаб, улар томонидан банк пластик картасига туширилган маблағларни Сурияга жўнатишган.
 
Қўлга олинганлардан баъзилари карантин чекловлари бекор қилингач, Сурияга чиқиб кетишни режалаштириш мақсадида ушбу мамлакат ҳудудидаги маслакдошлари билан алоқада бўлиб келган.
 
Айни вақтда қўзғатилган жиноят иши доирасида тергов-суриштирув ишлари давом эттирилмоқда.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.