Сирдарё вилоятидаги қурилишларда бюджетдан 2,5 млрд сўм маблағ талон-тарож қилингани аниқланди
«Қишлоқ қурилиш инвест»нинг вилоят филили мансабдор шахслари иккита пудратчи компаниянинг мансабдор шахслари билан тил бириктирган ҳолда Сирдарё вилоятида қурилаётган кўп қаватли биноларни қуриш жараёнида қариаб 2,5 млрд сўм бюджет маблағларини ўзлаштирган. Бу ҳақда “Газета.uz” нашри Бош прокуратура матбуот котиби Ҳаёт Шамсутдиновга таянган ҳолда хабар беради.
Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Оқолтин туман бўлими томонидан ўтказилган терговга қадар текширувда, «Қишлоқ қурилиш инвест» МЧЖ ИК Сирдарё вилояти филиали ва «S.S.» МЧЖ мансабдор шахслари ўзаро тил бириктириб, Оқолтин тумани «Кўркам диёр» массивида 1 та кўп қаватли уй-жойнинг қурилганлиги ҳақидаги ҳужжатларга ҳақиқатда бажарилмаган 949 млн сўмлик қурилиш-таъмирлаш ишларини қўшиб ёзиш орқали бюджет маблағлари талон-тарож қилинганлиги аниқланган.
Шу каби, «Y.N» МЧЖ томонидан массивдаги 1 та кўп қаватли уй-жойнинг қурилганлиги ҳақидаги ҳужжатларга ҳақиқатда бажарилмаган 586 млн сўмлик қурилиш-таъмирлаш ишларини қўшиб ёзиш орқали бюджет маблағлари талон-тарож қилинганлиги аниқланган.
Бундан ташқари, Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Янгиер шаҳар бўлими томонидан ўтказилган терговга қадар текширувда, «Қишлоқ қурилиш инвест» МЧЖ ИК Сирдарё вилояти филиали ва «S.М.» МЧЖ мансабдор шахслари ўзаро тил бириктириб, Ховос тумани «Ховос маркази» массивида 1 та кўп қаватли уй-жойнинг қурилганлиги ҳақидаги ҳужжатларга ҳақиқатда бажарилмаган 947 млн сўмлик қурилиш-таъмирлаш ишларини қўшиб ёзиш орқали бюджет маблағлари талон-тарож қилинганлиги аниқланган.
Мазкур ҳолатлар юзасидан «Қишлоқ қурилиш инвест» МЧЖ ИК Сирдарё вилояти филиали мансабдор шахслари ва жамият раҳбарларига нисбатан Жиноят кодексининг 167-моддаси 3-қисми «а» банди (ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-тарож қилиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.
Шарҳлар