Сирдарё вилоятидаги шубҳали дафн билан боғлиқ вазиятга изоҳ берилди

Сирдарё вилоятидаги шубҳали дафн билан боғлиқ вазиятга изоҳ берилди

Ижтимоий тармоқларда шубҳали дафн маросими акс этган видео тарқалди. Унда марҳум махсус ҳимоя кийимидаги одамлар томонидан кўмилаётгани акс этган бўлиб, воқеа Сирдарё вилояти Мирзаобод туманида 18 ёки 19 июль куни олингани айтилади.

Мазкур видеодаги ҳолат юзасидан Мирзаобод тумани ҳокимлиги муносабат билдирди. Қайд этилишича, дафн этилган шахс Мирзаобод туманида истиқомат қилган Э.Ў. исмли фуқаро бўлиб, 13 июль куни Республика шошилинч тиббий ёрдам Сирдарё вилоят филиалига номаълум иситма ташхиси билан тушган. 14 июль куни кечаси гипертония касаллиги хуружи оқибатида юрак ишемик касаллигидан вафот этган.

Сирдарё вилояти юқумли касалликлар бўйича мутахассиси, вилоят СЭОМ эпидемиологлари ва бошқа мутахассислар тавсиясига кўра, лабаротория текширувлари мавжуд бўлмаса-да, коронавирус инфекцияси билан касалланган деган тахминий ташхис қўйилган.

Туман аҳолиси орасида коронавирус инфекциясининг кириб келиши ва кўпайишининг олдини олиш мақсадида вилоят мутахассислари тавсиясига кўра, фуқаро Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 2020 йил 28 март куни тасдиқланган “Коронавирус касаллиги билан рўйхатга олинган ёки гумон қилиниб, вафот этган беморлар жасадини дафн этиш хавфсизлигини таъминлаш бўйича вақтинчалик қоидалар тўғрисида”ги буйруғи асосида дафн қилинган.

Маййитни дафнга тайёрлаш ва дезинфекциялаш ишларини ўтказиш мусулмончилик қоидалари асосида Шошилинч тиббий ёрдам марказида амалга оширилган.
“Дафн маросимида иштирок этган марҳумнинг 10 нафар қариндоши, СЭОМ мутахассислари, маҳалла раиси ва ҳуқуқ тартибот органи вакиллари хавфсизлик нуқтаи назаридан ҳимоя воситалари билан таъминланди. Дафн маросими диний идора вакиллари иштирокида мусулмончилик қонун-қоидалари асосида 2020 йил 15 июль куни ўтказилган”, — дейилади хабарда.
 
 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.