Собиқ дипломат Қодир Юсупов давлатга хоинлик қилишда айбдор деб топилди

Собиқ дипломат Қодир Юсупов давлатга хоинлик қилишда айбдор деб топилди

Қодир Юсуповга 5 йил 6 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. Бу ҳақда Олий суд матбуот хизмати хабар беради.

Бугун Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий судида Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 157-моддасида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбланган собиқ дипломат К. Юсуповга нисбатан жиноят ишини кўриб чиқиш бўйича суд жараёни ниҳоясига етди ва суд ҳукми эълон қилинди.

Hook.report нашрининг маълумотларига кўра суд мажлиси 12:40 да бошланган, ҳолбуки суднинг ўзи 12:00 га тайинланган. Давлат айбловчиси, яъни прокурор суд мажлисига келмаган. Аввалига дипломатнинг оиласини, тушлик бўлганини баҳона қилиб, мажлисга қўйишни исташмаган, бироқ бир неча дақиқадан сўнг уларни залга киритишган.

«Бир неча ой давомида ўтказилган ёпиқ суд мажлисида судланувчи ва гувоҳларнинг кўрсатмалари тингланиб таҳлил қилинди. ДХХ Тергов бошқармаси томонидан тўпланган далилларга баҳо берилиб, судланувчининг важлари текширилди.

Судланувчига нисбатан жазо чорасини тайинлашда суд Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва жиноят қонунчилигида белгиланган инсонпарварлик ва адолат тамойилларига ҳам асосланди», – дейилади Олий суд хабарида
 
Собиқ дипломатнинг фарзандлари чиқарилган ҳукмга қўшилмаяпти, улар ҳукмга кассация ва апелляция тартибида шикоят келтирмоқчи.

— Бизга ҳеч қандай далилни тақдим этишмади ва биз (оила) уни мутлақо бегуноҳ деб ҳисоблаймиз. Биз унинг тўлиқ озод этилишини истаймиз, – дейди Қодир Юсуповнинг ўғли Темур Юсупов.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.