Солиқ қўмитаси ўз ходимларига даромадларини мажбурий тартибда декларациялашни таклиф қилди
Давлат солиқ қўмитаси ўз ходимларига даромадларини ҳар йили мажбурий тартибда рўйхатдан ўтказишни таклиф қилди. Ушбу талабни кўзда тутувчи тегишли норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси ишлаб чиқилди, деб ёзади Sputnik.
1 сентябрга қадар солиқ хизмати вертикали бўйича ходимлар 2020 йил учун ўз активлари ва даромадлари ҳақида ҳисобот бериши ва бундан буён ҳар йили 1 апрелга қадар ўз даромадларини декларациялаши лозим.
“Давлат солиқ хизмати тўғрисида”ги қонунга жумладан ушбу талабни бузганлик учун жавобгарлик ўрнатишни кўзда тутувчи тегишли тузатишларни киритиш режалаштирилмоқда.
Солиқ хизмати ходимлари кўчар ва кўчмас мулклари, бошқа активлари, шунингдек ҳисобот йилида олган даромадлари тўғрисидаги маълумотларни кўрсатган ҳолда декларация тақдим этиши шарт бўлади. Декларацияларни қайта ишлаш натижасида олинган ахборотлар шахсга доир маълумотлар тўғрисидаги қонунчилик талабларидан келиб чиқиб, жамоатчилик учун очиқ ҳолда махсус ochiq.soliq.uz веб-сайтига жойлаштирилади.
Аҳоли солиқ хизмати ходимининг кўчмас мулки турини, ушбу уйнинг умумий квадратурасини ва унинг жойлашувини ҳамда ходим автомобилининг русуми, модели ва чиқарилган йилини билиб олиши мумкин.
Солиқ органлари тизимида жами 10 мингдан ортиқ ходим ишлайди.
Ҳужжат матни билан тўлиқ бу ерда танишиш мумкин.
Шарҳлар