Солиқ қўмитасининг фаолияти тўхтатилиши мумкинлиги ҳақидаги миш-мишлар тасдиқланмади

Солиқ қўмитасининг фаолияти тўхтатилиши мумкинлиги ҳақидаги миш-мишлар тасдиқланмади

Ўзбекистон Президенти “Солиқ маъмуриятчилигини тубдан такомиллаштириш, солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларнинг йиғилувчанлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”га Фармонни имзолади.

Фармонда Ўзбекистон Республикаси давлат солиқ хизмати органлари тизимини ислоҳ этишнинг муҳим йўналишлари  белгиланди: 

биринчидан, солиқ маъмуриятчилиги жараёнига замонавий ахборот-коммуникация технологиялари ва илғор автоматлаштирилган таҳлил услубларини кенг жорий этиш, солиқ тўловчиларга, энг аввало, тадбиркорлик субъектларига тўғридан-тўғри мулоқотсиз электрон хизмат кўрсатишга тўлиқ ўтиш; 

иккинчидан, солиқ солиш объектлари ва солиқ солинадиган базанинг ўз вақтида ҳамда ишончли ҳисобга олинишини таъминлаш, ваколатли органлар ва ташкилотлар мансабдор шахсларининг солиқ солиш масалалари билан боғлиқ бўлган ишончли ахборотни ўз муддатида тақдим этиш бўйича масъулиятини кучайтириш;  

учинчидан, солиқ мажбуриятларини бажаришда солиқ тўловчиларга ҳар томонлама кўмаклашиш, солиққа оид ҳуқуқбузарликлар профилактикасининг таъсирчан механизмларини ишлаб чиқиш ва солиқ тўловчиларнинг ҳуқуқий маданиятини ошириш, солиқ назоратини амалга оширишнинг замонавий услубларини жорий этиш; 

тўртинчидан, макроиқтисодий кўрсаткичлар динамикаси ва ҳудудларнинг солиқ салоҳиятини тизимли таҳлил қилиш орқали солиқ солиш объектларини тўлиқ қамраб олишни таъминлаш ва солиқ солинадиган базани кенгайтириш бўйича самарали чора-тадбирларни амалга ошириш; 

бешинчидан, фаолият кўрсатмаётган корхоналарнинг фаолиятини тиклашга ҳар томонлама кўмаклашиш, паст рентабелли ва зарар кўриб ишлаётган корхоналарнинг молиявий аҳволини соғломлаштириш, ўзаро ҳисоб-китоблар механизмларини мустаҳкамлаш, солиқ қарзи ошишига йўл қўймаслик орқали солиқ солинадиган базани кенгайтириш; 

олтинчидан, солиқ солиш масалаларида, шу жумладан республика ва маҳаллий бюджетлар даромадларини оширишнинг қўшимча захираларини аниқлаш орқали молия органлари, манфаатдор вазирлик ва идоралар, шунингдек маҳаллий давлат ҳокимияти органлари билан ҳамкорликни янада кенгайтириш; 

еттинчидан, кадрларни танлаш ва жой-жойига қўйиш, солиқ органларини маънавий-ахлоқий жиҳатдан юқори малакали ходимлар билан тўлдириш бўйича тизимли ишларни амалга ошириш, шунингдек ходимлар ўртасида ҳуқуқбузарликлар профилактикасини таъминлаш ва улар учун хизматни ўташнинг муносиб шарт-шароитларини яратиш.

Фармонга мувофиқ 2018 йил 1 январдан:

солиқ органлари ва ҳалол солиқ тўловчилар ўртасида уларга жорий солиқ солиш масалаларини ҳал қилишда ҳар томонлама кўмаклашган ҳолда кенгайтирилган ахборот алмашинувини назарда тутувчи солиқ назоратининг замонавий шакли – солиқ мониторинги жорий этилади; 

йирик солиқ тўловчилар бўйича солиқ маъмуриятчилиги функциялари Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар давлат солиқ бошқармалари томонидан амалга оширилади; 

вақтинчалик молиявий қийинчиликларга тўқнаш келган ҳалол солиқ тўловчилар – хўжалик юритувчи субъектларга қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда солиқ таътиллари берилиши мумкин; 

ўтказилган камерал назорат натижалари бўйича аниқланган тафовутлар юзасидан солиқ тўловчилар томонидан асослар тақдим этилмаган тақдирда, солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар суммаларини суд тартибида ундириш жорий этилади; 

ортиқча тўланган солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни қайтариш ёки ҳисобга олиш солиқ тўловчи ваколатли органларга мурожаат этган санадан бошлаб 15 иш куни ичида амалга оширилади; 

давлат солиқ хизмати органларига кирим ҳужжатларини расмийлаштирмасдан товарларни (ишларни, хизматларни) реализация қиладиган хўжалик юритувчи субъектларнинг ҳисобварақлари бўйича операцияларини 5 банк кунигача бўлган муддатга вақтинчалик тўхтатиб туриш ваколати берилади; 

Тошкент, Нукус шаҳарларида ва вилоят марказларида солиқ органларига ҳисоб-китоблар ҳақидаги маълумотларнинг онлайн режимида берилишини таъминлайдиган назорат-касса машиналарини қўллаш орқали нақд пул тушуми устидан автоматлаштирилган назорат тизими жорий этилади, республиканинг қолган ҳудудларида мазкур тизим босқичма-босқич киритилади; 

солиқ текшируви объектларини самарали танлаб олиш учун солиққа оид ҳуқуқбузарликларни содир этиш хавфларини таҳлил қилиш, шунингдек солиқ органлари томонидан юқори ликвидли маҳсулотлар ҳақиқий ишлаб чиқариш ҳажмининг доимий ҳисоби ва назоратини амалга ошириш бўйича ихтисослаштирилган автоматлаштирилган тизим жорий этилади; 

давлат солиқ хизмати органлари хўжалик юритувчи субъектлар ходимларининг ҳисоботдаги ва ҳақиқий сони мувофиқлиги устидан тизимли мониторингни амалга оширади, натижаси бўйича солиқ солинадиган базани аниқлаштиради.

Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатаси тузилмасида Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетига тушумларнинг тўлиқлигини назорат қилиш инспекцияси ташкил этилади. 

Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси тузилмасида Бозорлар ва савдо комплекслари фаолиятини назорат қилиш бош бошқармаси ҳамда Чакана савдо ва хизмат кўрсатиш соҳасида нақд хорижий валюта муомаласига йўл қўймаслик устидан назорат қилиш, қисқа муддатли текширишларни ташкил этиш бўйича махсус бошқарма негизида Чакана савдо ва хизмат кўрсатиш соҳасида ҳуқуқбузарликларни профилактика қилиш бош бошқармаси ташкил этилади. 

Ахборот-таҳлил бош бошқармасининг Техник бошқармаси негизида Ахборот-коммуникация технологиялари бош бошқармаси ташкил этилади.
 
Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси тузилмасида қатор бошқармалар ва хизматлар ўзгартирилади. Хусусан, Ахборот хизмати Жамоатчилик билан алоқалар ва ҳуқуқий ахборот бўлимига айлантирилади.
 
Фармонга биноан Солиқ қонунчилиги ва солиқ маъмуриятчилигини янада такомиллаштириш бўйича Ишчи комиссия тузилади.

Шунингдек ҳужжатла 2018 йил 1 январига қадар қуйидагиларни амалга ошириш белгиланган: 

солиқ тўловчиларга давлат солиқ хизмати органларининг барча давлат хизматларидан, шу жумладан Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали электрон фойдаланиш имкониятини таъминлаш; 

солиқ солинадиган базани кенгайтириш ва солиқ назоратини такомиллаштириш мақсадида солиқ органларининг Ягона интеграциялаштирилган ахборот ресурс базасига тақдим этиладиган ахборотнинг мазмунини танқидий қайта кўриб чиқиш; 

барча манфаатдор вазирлик ва идоралар, шу жумладан “Ергеодезкадастр” давлат қўмитаси, статистика, адлия, прокуратура органлари, судлар, “Ўзбекэнерго” АЖ ва “Ўзтрансгаз” АК корхоналарининг солиқ органларининг Ягона интеграциялаштирилган ахборот ресурс базасига интеграция қилинишини таъминлаш; 

тадбиркорлик субъектларини электрон рақамли имзо билан тўлиқ таъминлаш бўйича комплекс чора-тадбирларни амалга ошириш. 

Шунингдек Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатасига Давлат солиқ қўмитаси ҳамда Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги билан биргаликда уч ой муддатда давлат органларининг солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни ҳисоблаш учун фойдаланиладиган маълумотлар базаси ишончлилигини аудитдан ўтказиш топширилди.
 
Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Солиқ маъмуриятчилигини тубдан такомиллаштириш, солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларнинг йиғилувчанлигини 
ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонига шарҳ нашр этилди.
 
Фармон ва Шарҳнинг тўлиқ матни билан бу ерда танишиш мумкин.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.