Спорт вазирлиги “сариқ” ҳудудларда фитнес-клублар фаолиятига рухсат бермоқчи
Яқин 3 кун ичида “яшил” ва “сариқ” ҳудудларда спорт секциялари, спорт заллари ва фитнес-клублар ўз фаолиятини тиклайди. Бу ҳақда “Даракчи” нашри Жисмоний тарбия ва спорт вазирлигига таянган ҳолда хабар беради.
Бундан олдин Республика комиссиясининг қарорига кўра, спорт секциялари, тўгараклар, спорт заллари ва фитнес-клублар фақат “яшил” ҳудудда фаолиятини бошлаши мумкин эди.
Вазирнинг фармойишига биноан яқин уч кун ичида юқорида қайд этилган ҳудудларда карантин қоидаларига қатъий амал қилган ҳолда спорт секциялари, фитнес-клублар, тренажёр ва спорт заллари ўз фаолиятини тиклайди.
Бунда спорт иншоотларига кириш жойларида пирометрлар ёрдамида фуқароларнинг тана ҳарорати мажбурий равишда текширилади. Тана ҳарорати 37 даража ва ундан юқори бўлган фуқаролар спорт иншоотларига киритилмайди. Бу ҳолда ходимлар соғлиқни сақлаш хизматини хабардор қилиши керак.
Спорт тадбирларини соат 07:30 дан 18:30 гача ўтказиш мумкинлиги қайд этилади. Спорт тадбирлари вақтида бассейнлардан фойдаланиш тақиқланади.
Шарҳлар